Тошкент вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қўшимча 200 млрд сўм ажратилади
Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бу бўйича тегишли топшириқ берди
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти ҳокимлигига Зойир Мирзаев номзодини таклиф қилгани тўғрисида хабар берилганди. Президент матбуот котибининг маълум қилишича, номзод ўз тақдимотида вилоятдаги энг долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тўғрисида ахборот берган.

Қайд этилишича, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида 150 минг аҳолининг доимий бандлигини таъминлаш, 40 мингта оилани камбағалликдан чиқариш, 15 мингта тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш, 6,5 мингта хизмат ва савдо объектлари ташкил этиш режалаштирилган.
Шулардан келиб чиқиб, Президент мутасаддиларга:
- 2022 йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун қўшимча равишда 200 миллиард сўм, келгуси йил учун яна 850 миллиард сўм йўналтириш;
- тадбиркорлик паст ривожланган Пискент, Бўка, Бекобод ва Оққўрғон туманларида 2025 йил 1 январга қадар ер, мол-мулк, айланмадан олинадиган солиқларни 1 фоиз, фойда солиғи ставкасини 50 фоиз миқдорида белгилаш, сотилмасдан турган давлат мулки объектлари бошланғич қийматини 2 баравар камайтириш;
- йил якунигача 34 та маҳаллада Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш марказларини ташкил этишни топширган.
Шунингдек, Зойир Мирзаев вилоятда саноатни ривожлантириш бўйича таклиф ва режаларини баён қилган. Давлат раҳбари бор имкониятлардан самарали фойдаланса, вилоятда саноатни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш мумкинлигини қайд этган.
Мутасаддиларга:
- саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 250 миллиард сўм ажратиш;
- Ангренда каолин хом-ашёсини чуқур қайта ишлаб, фарфор ва керамика маҳсулотлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш;
- Бекобод туманида чегара олди савдо зонасини ишга тушириш;
- вилоятдаги 100 та маҳаллий корхонани экспортчига айлантириш дастурини амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Нурафшондаги сессияда Қирғизистон билан чегара масаласидаги музокаралар ҳақида гапирганди. «Тасаввур қилинглар, аввал Тошкент вилоятидаги чегараларимизда миналар турарди. Одамлар қариндошларининг на тўйига бора оларди, на азасига. Шахсан ўзим назорат қилиб, миналарни олдирдим. Ҳозир бемалол бориб-келишяпти», — деган давлат раҳбари.