Андижонда банк ходимлари 111 млн сўмни талон-торож қилгани аниқланди
«Халқ банки» филиали ходимлари қўлга киритган маблағларни замонавий қимор ўйинларига сарфлаб юборган. Талон-торож қилинган ушбу пуллар терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўлиқ қопланган
Андижон вилояти Булоқбоши тумани «Халқ банки» филиали ходимлари банкоматга жойлашга мўлжалланган маблағларни талон-торож қилгани аниқланди, деб хабар беради ЎзА.
Маълум қилинишича, улар дастлаб филиал биносида жойлашган банкоматдан 4,2 миллион сўм пулларни олган. Ушбу ходимлар ўз ишини давом эттириб, талон-торож қилинаётган пулларнинг миқдорини оширган.
Туманнинг «Нефтчилар» маҳалласида жойлашган банкоматдан 41,8 миллион сўм ҳамда «Ширмонбулоқ» маҳалласида жойлашган банкоматдан 65 миллион сўм, жами 111 миллион сўм нақд пулларни қўлга киритиб, ушбу пулларни замонавий қимор ўйинларига сарфлаб юборган.
Талон-торож қилинган ушбу пуллар терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида тўлиқ қопланган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. «Халқ банки»га кўра, ҳолат банк томонидан аниқланган ва далил-ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этилган.
Аввалроқ Қашқадарёда 40 нафар фуқаро номига ажратилган кредит маблағлари талон-торож қилингани, Хоразмда кооператив раҳбарлари 56 кишининг субсидия маблағларини талон-торож қилгани аниқлангани, Самарқандда собиқ банк ходими фуқароларнинг пулини ўзлаштиргани тўғрисида хабар берилганди.