Шавкат Мирзиёев спорт, таълим, тиббиёт соҳаларидаги қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди
Дастлаб Олимпия шаҳарчаси бўйича таклифлар кўриб чиқилган. Шаҳарчада ҳалқаро талабларга мувофиқ, олимпия стадиони, ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилиши, мажмуа 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини қабул қилиши таъкидланди
Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь, жума куни спорт, таълим, тиббиёт соҳаларидаги қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, дастлаб Олимпия шаҳарчаси бўйича таклифлар кўриб чиқилган. Шаҳарчада ҳалқаро талабларга мувофиқ, олимпия стадиони, ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилиши, мажмуа 2025 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини қабул қилиши таъкидланган.
Аввалги тақдимотда Президент бу спорт мажмуалари халқимизга мулк бўлиб қолишини, уларни сифатли қилиб қуриш зарурлигини айтгани боис лойиҳалаш ва кейинчалик қурилиш жараёнларига соҳада катта тажрибага эга чет эл компаниялари жалб этилиши маълум қилинган
Давлат раҳбари спорт мажмуаларининг универсал бўлиши муҳимлигини таъкидлаган. Стадион ва биноларнинг тепасида қуёш панеллари ўрнатиб, энергияни тежаш, бўш майдонларда кўпроқ дарахтлар экиш бўйича тавсиялар берилган.
Тақдимотда «Янги Ўзбекистон» университети лойиҳаси ҳам кўриб чиқилган. Бунинг учун пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидан жой ажратилиб, ўқув бинолари, маъмурият, ўқитувчилар ва талабалар учун ётоқхоналар, ошхона, кутубхона, лаборатория, спорт мажмуаси қурилиши лойиҳалаштирилган.
Ҳозир бу ҳудудда Президент мактаби бор. Келгусида Президент таълим муассасалари агентлиги ҳам шу ерда жойлашиши айтилган. Шу тариқа, ҳудуд таълимга ихтисослашган яхлит мажмуа бўлиши таъкидланган.
«Ихтисослаштирилган мактаблар – бизнинг заминимиз. Уларда болаларимиз билимли, баркамол бўлиб вояга етади. Университет бу тизимнинг давоми бўлиб, мамлакатимиз учун керакли, замонавий мутахассислар тайёрлайди. Шунинг учун бу ерда барча шарт-шароит, илғор методика бўлиши керак», — деган Президент.
Давлат раҳбари бунёдкорлик ишларига кўпроқ маҳаллий қурувчиларни жалб этиш зарурлигини таъкидлаган.
Тақдимотда кўрсатилган навбатдаги лойиҳа ҳам ёшлар камолотига қаратилган. Унга кўра, маҳаллаларда стадион, ўйин майдончалари, кутубхона, компютерхона, ошхона, ҳаммом ва бошқаларни ўз ичига олган марказлар барпо этиш кўзда тутилган.
Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ, аҳоли билан маслаҳатлашилиб, аввало, бундай марказлар қуриладиган жойлар аниқланган. Бугунги кунгача 171 та маҳаллада спорт майдончалари қурилиши бошланиб, улардан 64 таси фойдаланишга топширилган.
Президентнинг 2022 йил 11 апрелдаги «Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бунга ҳамоҳанг бўлиб, мазкур қарорга мувофиқ ўтказилган «Беш ташаббус» олимпиадасининг спорт мусобақаларида 279 та маҳалла ғолиб ва совриндор бўлгани таъкидланган. Спортсевар ёшларга ҳам мукофот, ҳам рағбат сифатида, ушбу маҳаллаларда 3 хил – универсал, стритбол ва воркаут мажмуалари қурилиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, спорт инфратузилмаси йўқ яна 208 та маҳаллада ҳам стритбол ва воркаут майдонлари ташкил этилиши айтилган.
Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили декабрда Кореяга давлат ташрифи жуда самарали бўлган. Шундан сўнг, Тошкентда тиббиёт кластери ташкил этиш лойиҳаси ҳам жадаллашди. Унга кўра, Кореянинг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) кўмагида катталар учун тиббиёт маркази, онкология шифохонаси ва олий ўқув юрти қурилиши режалаштирилган.
Бу учта мажмуа ҳозирги Болалар тиббиёт маркази билан бирга яхлит кластер ҳосил қилади. Унда ўқитиш ва даволаш бўйича Корея тажрибасига асосланган илғор тизим йўлга қўйилади. Шифохоналар жами 900 бемор ўрнига эга бўлади. Қурилиш ишлари 2023 йилда бошланиши маълум қилинган. Давлат раҳбари лойиҳа бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев кимё саноатида режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Қайд этилишича, ислоҳотлар натижасида кимё саноатида маҳсулот тури кўпайиб, рентабеллик ошган. 2022 йилнинг 8 ойида 1 миллион тоннадан зиёд минерал ўғит ишлаб чиқарилган. Экспорт қарийб 2 баравар кўпайиб, 330 миллион долларга етгани маълум қилинган.