Бухорода олти тонна пахтани яширин равишда олиб кетаётган шахслар ушланди
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи фуқаролар олти тонна пахта хом ашёсини яширин равишда олиб кетаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 21 сентябрь куни Ғиждувон тумани Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан «Пахта—2022» йиғим терими мавсумида пахта хом ашёсини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида олиб борилган тезкор тадбир давомида Ғиждувон тумани «Вазиршоҳ» ҳамда «Чағдари» маҳаллаларида яшовчи фуқаролар Isuzu юк машинасида жами олти тонна пахта хом ашёсини яширин равишда олиб кетаётгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу шахслар пахта хом ашёсини Навоий вилояти Қизилтепа тумани «Ғойибон» маҳалласида яшовчи фуқародан ҳар килограммини тўққиз минг сўмдан сотиб олганини билдирган.
«Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.», дейилади бошқарма ахборот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда 119,1 миллион сўмлик ун маҳсулотлари талон-торож қилингани аниқланганди.