Тошкентда Шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Тошкент давлат шарқшунослик университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қуввати 1000 нафар талабага мўлжалланган янги ўқув бино си 9 қаватдан иборат бўлиб, унда кореяшунослик ва хитойшунослик мутахассисликлари бўйича таълим берилиши режа қилинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида университет янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган. Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, кўплаб олий таълим муассасалари ректорлари, фахрийлар, устоз ва талабалар иштирок этган.

Маълумот ўрнида, ҳозирда университет жамоаси таркибида 400 нафарга яқин профессор-ўқитувчи бўлиб, улардан 50 нафари фан доктори, 125 нафари фан номзоди ва ПҳД-фалсафа докторларидир. Бу каби устоз-мураббийлар қўлида 6 400 нафардан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Улардан 840 нафарини магистрлар ташкил этиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида Ғофур Раҳимов маблағлари асосида янги мактаб қурилгани маъкум қилинганди.
