Бугун оқшоми. Сафарбарликка қарши отишма, Қирғизистонга борган Арипов, яна тўхтаб қолган метро поезди

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Россиядаги мактабда содир бўлган отишма, Тошкент метросида яна тўхтаб қолган поезд ва Абдулла Ариповнинг Қирғизистонга боргани билан эсда қолган 26 сентябрь ҳам якунига етиб бормоқда. Қуйида куннинг энг муҳим хабарлари жамланган дайжест билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Абдулла Арипов Қирғизистонга борди

Бош вазир Абдулла Арипов Қирғизистонга ташриф буюрди. Ариповни «Манас» халқаро аэропортида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров кутиб олди. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасидаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масаласида қўшма мажлис бўлиб ўтди. Шунингдек, Абдулла Ариповнинг президент Садир Жапаров билан ҳам учрашди.

Фото: Қирғизистон ҳукуматининг матбуот хизмати

Президент ҳузурида электротехника саноатининг ютуқ ва камчиликлари юзасидан йиғилиш ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноатининг ютуқ ва камчиликлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Йигилишда қайд этилишича, охирги 5 йилда электротехника саноатида ишлаб чиқариш — 4,5 бараварга (4 триллиондан 17 триллион сўмга), экспорт – 5 бараварга (117 миллиондан 563 миллион долларга) ошган. Йил якунигача экспорт 750 миллион доллардан ошиши кутилаётгани таъкидланди. Фарғона, Тошкент, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларидаги 11 та корхона илк бор ташқи бозорга чиққани эътироф этилди.

Шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Хоразм вилояти ва Қорқалпоғистон Республикаси электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати бошқа ҳудудлардан 2-3 баравар паст экани танқид қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Минглаб россияликлар Ўзбекистон ва Қирғизистонга жўнаб кетди

Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганидан сўнг минглаб россияликларнинг мамлакатни тарк этиши кучайди. Улар биринчи навбатда қўшни республикалар, хусусан, Қозоғистон орқали Ўзбекистон ва Қирғизистонга чиқиб кетмоқда. Маълум қилинишича, Қозоғистон орқали сентябрь ойининг ўзида 40 мингдан ортиқ россияликлар қўшни давлатларга жўнаб кетган. Охирги беш кунда эса Қозоғистон аэропортлари орқали 6 мингдан зиёд Россия фуқароси мамлакатдан чиқиб кетган.

Фото: «Polet.me»

Россия фуқароларининг мамлакатдан чиқишини тақиқлаш бошланди

Бу орада Россияни тарк этаётган одамлар оқимига «блок» қўйиш бошланди. Россиядан чиқиб кетмоқчи бўлган икки фуқарога тақдим этилган «ҳарбий комиссариятлар қарори асосида мамлакатни тарк этиш тақиқлангани» тўғрисидаги рад жавоби хатининг суратлари эълон қилинди. Шунингдек, яна бир нечта ҳолатларда фуқароларга Россиядан чиқишга рухсат берилмаган.

Фото: AFP

Муфтий ўзбекистонлик аҳли илмларга мурожаат қилди

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси муфтий Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистондаги аҳли илмларга мурожаат қилди. Мурожаат давомида асосий эътибор сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тобора авж олиб бораётган тортишувлар ва бир-бирини камситишга олиб келувчи баҳсларга қаратилган. Муфтий номини айтмаган айрим аҳли илмлар томонидан динни хунук қилиб кўрсатилиб қўйилаётганини таъкидлаб, аҳли илмлардан бирортаси кимнингдир кўнглини оғритиб қўйган бўлса уларнинг номидан узр сўраган.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент метрополитенида поезд тўхтаб қолди (яна)

Тошкент метрополитенинг «Чилонзор» йўналишида «Буюк Ипак Йўли» бекатига кириб келаётган поезд ҳаракат таркибида носозлик келиб чиқиши оқибатида туннель ичида 7 дақиқа давомида тўхтаб қолди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса поезд тўхтаб қолгани ҳақидаги хабарлардан «янгилик» мақомини олиб ташлашни таклиф қилишмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Қозоғистон Украинадаги референдумларни тан олмайди ёхуд «референдумларинггаям»

Қозогистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат Украинанинг тўртта ҳудудида Россия таркибига қўшилиш учун бўлаётган референдумларни тан олмаслигини маълум қилди. Шу тариқа, Қозоғистон Украинадаги референдумларга нисбатан ўзининг қатъий позициясини билдирган Марказий Осиёдаги илк давлат бўлди. Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин ДХР, ЛХР ҳамда Херсон ва Запарожъе вилоятларида ўтказилаётган референдумлар натижаларини ва бу ҳудудлар аҳолиси маъқуллаган қарорни қўллаб-қувватлашини маълум қилганди.

Фото: «ВКонтакте»

Россияда 25 ёшли йигит «военкомат»да отишма содир этди

Россиянинг Иркутск вилоятида 1997 йилда туғилган йигит ҳудуд мудофаа ишлари бўлимида отишма содир этди. У ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб, чақирув комиссарини ўлдирган. Маълум қилинишича, йигит сафарбарликка жўнатилиши керак бўлган.

Кадр: Telegram

Яна Россия, яна фожиа: мактаблардан бирида отишма содир этилди

Россиянинг Удмуртия ҳудудидаги Ижевск шаҳрида жойлашган 88-мактабга қора кийимдаги номаълум шахс бостириб кириб, отишма содир этди.

Фото: Telegram / Baza

Ҳодиса 26 сентябрь тонгида рўй берди. Отишма оқибатида жами 13 киши, жумладан икки қоровул, икки ўқитувчи ва 9 нафар ўқувчи ҳалок бўлди. Шунингдек, 23 киши жароҳат олган бўлиб, улардан 20 нафари ўқувчилар. Жароҳатланганлардан баъзилари деразадан сакраб қочмоқчи бўлгани учун жароҳат олган. Маълумотларга кўра, гумонланувчи ўз жонига қасд қилган. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Ижевскдаги ҳодиса юзасидан Владимир Путинга таъзия билдирди.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди. Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда долларнинг расмий курси эълон қилинди
Янгиликлар16:07 | 30.11.22
Ўзбекистонда долларнинг расмий курси эълон қилинди
Тошкентда Craft Fair Uzbekistan халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси бошланди
Медиа, Янгиликлар15:59 | 30.11.22
Тошкентда Craft Fair Uzbekistan халқаро ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси бошланди
Акмал Бурҳонов коррупционерларни суваракларга қиёслади
Янгиликлар15:11 | 30.11.22
Акмал Бурҳонов коррупционерларни суваракларга қиёслади
Тошкентда ИИБ ходимини ўлдиришда гумонланган эркак қўлга олинди
Янгиликлар14:47 | 30.11.22
Тошкентда ИИБ ходимини ўлдиришда гумонланган эркак қўлга олинди
«Биз жуда катта хато қилдик». Нукус воқеалари бўйича айбланаётган Лолагул Каллиханова ўз айбига тўлиқ иқрорлигини айтди
Янгиликлар14:33 | 30.11.22
«Биз жуда катта хато қилдик». Нукус воқеалари бўйича айбланаётган Лолагул Каллиханова ўз айбига тўлиқ иқрорлигини айтди
Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Янгиликлар14:22 | 30.11.22
Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан телефон орқали мулоқот қилди