Тошкент метрополитенида поезд яна тўхтаб қолди
Тошкент метросининг Буюк Ипак йўли бекатида 26 сентябрь куни поезд тўхтаб қолди. Бу ҳақда пойтахт метрополитени ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Чилонзор» йўналиши Буюк Ипак йўли бекатига кириб келишда 15-сонли ҳаракат таркибида техник носозлик кузатилган. Натижада ушбу ҳаракат таркиби 7 дақиқа давомида тоннелда тўхтаб қолган.
Шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, поезд нозими томонидан «Чилонзор» йўналишидаги поездлар ҳаракати мувофиқлаштирилган ҳамда ҳаракат таркиблари бекатларда ҳаракат жадвали бузилмаслиги учун белгиланган йўриқномага асосан вақтинчалик тўхтатилган.
«Машинист томонидан бажарилган техник ишлар натижасида 15-сонли маршрут ҳаракати давом этган. Ҳозирда барча поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги метробекатлардан бирида 13 сентябрь куни шубҳали целлофан пакет топилгани ҳақида хабар тарқалганди. Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдирганди. Шунингдек, Тошкентда метроларнинг бирида шубҳали буюм топилгани хабар қилинганди.