Тошкент вилоятида археологик топилмаларга бой ўрта аср иншооти аниқланди
Оҳангарон дарёсининг чап соҳилида жойлашган иншоотдан Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар ва мўғуллар босқини даврига оид бой ашёлар, тангалар, сопол ва шиша идишлар, турли хил тақинчоқлар, суякдан қилинган тароқлар ва бошқа кўплаб тарихий буюмлар топилган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ва Тарих институти ходимлари томонидан Тошкент вилояти Оҳангарон тумани «Суюрлитепа» ёдгорлигида 2022 йилнинг апрель ойидан буён археологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

«Суюрлитепа» ёдгорлиги Оҳангарон дарёсининг чап соҳилида, Қурама тоғларининг шимолий этагида, бугунги Санам қишлоғидан 2 километр шарқда, Олмалиқ шаҳрини Ангрен шаҳри билан боғловчи автомобиль йўли ёқасида жойлашган. 2022 йилги қазишмалар Вағнзе мулкининг жануби-шарқий қисмидаги нисбатан баландроқ тепаликни очиб ўрганишдан бошланган. Қазишма 20х20 метр ўлчамли майдонда амалга оширилган.
Қазишмалар натижасида бу ердан илк ўрта асрларга оид монументал иншоот ўрни аниқлангани. Унинг қурилишида пахса ва хом ғиштлардан фойдаланилган. Бино 3 қаватли пахса блокларидан иборат платформанинг уст қисмида кўтарилган. Унинг том қисми аркасимон қилиб ёпилганлиги қазишмалар жараёнида аниқланди. Иншоотнинг айнан қандай вазифани бажарганлиги ҳақида тугал хулосага келингани йўқ. Тадқиқотлар якунида якуний хулосалар берилади.

Тадқиқотлар натижасида ривожланган ўрта асрларга келганда бинодан бошқа мақсадларда фойдалангани қайд этилган. Иншоот марказий хона ва унга туташтирилган ёрдамчи хоналардан иборат қилиб қурилгани ҳамда унга яна бир қанча хўжалик хоналари кейинги даврларда қўшилганлиги ёдгорликнинг режасида акс этган. Қазишма майдонида жами 10 га яқин хоналар очиб ўрганилган.
Археологик қазишмалар натижасида бу ердан Турк хоқонлиги, Сомонийлар, Қорахонийлар ва мўғуллар босқини даврига оид бой ашёлар, тангалар, сопол идишлар (сирланган ва сирланмаган лаганлар, косалар, хумлар ва ҳоказолар), камон ўқининг учлари, шиша идишлар, турли хил тақинчоқлар, суякдан қилинган тароқлар ва бошқа кўплаб тарихий буюмлар топилган.
«Хоналардан пахса блокли платформани ўйиб очилган жами 5 та хўжалик ўрацианиқланган. Ўралардан биттаси тўғри тўртбурчак, қолганлари эса айлана шаклга эга. Улардан 20 турдаги шиша идишлар, хусусан, шиша лаганлар, вазалар, бакаллар ва табиблар томонидан гиёҳ солиш учун ишлатилгани талқин қилинаётган кичик, нозик кўринишга эга шиша идишлар ва ҳоказолар топилган. Бундай турли-туман шиша идишларнинг топилиши бу ҳудудларда бир вақтлар шишасозлик юксак даражага етганлигининг исботидир», дейилади хабарда.
Ўралардан бирида Сомонийлар даврига оид (Х аср) ноёб лаганлар ҳам топилган. Уларнинг сиртига оқ ранг берилиб, сирланган. Лаганлардан бирида араб алифбосининг куфий хатида сўзлар ёзилган. Ёзувлар ўнг томондан ўқилганда алъумру (умр), ал-баракату (барака), ли соохибихи (эгаси учун, эгасига) сўзлари битилган. Лаганлардан бирида ҳумо қушига ўхшаб кетадиган қуш тасвирланган бўлиб, у тумшуғида гул тутиб олган. Иккала лаган ҳам сомонийлар даврининг нодир намуналаридан ҳисобланади.

Шаҳарнинг ички йўлларини аниқлаш мақсадида 7 та нуқтада траншеялар (эни 1 метр, узунлиги 5-14 метр ли чуқурлар) ташланган ва шаҳарнинг баъзи ички йўлларининг ўрнига аниқлик киритилган.
Ёдгорлик жануби-шарқий қисмидаги кенг майдонларда қават-қават қилиб тармоқланган ариқларнинг ўрни яққол кўзга ташланади. Ёдгорликда археологик тадқиқотлар давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги 30 га яқин архитектура ёдгорлигига кондиционер ўрнатилиб, зарар етказилгани аниқлангани, Самарқанддаги «Номсизтепа» археологик ёдгорлигига зарар етказилгани, Қашқадарёда археология ёдгорлигини тўлиқ бузиб ташлаган шахс қамоққа олингани тўғрисида хабар берилганди.