Тошкент вилоятида ўқувчилар жар ёқалаб мактабга қатнамоқда — видео
Ижтимоий тармоқларда Паркент тумани «Нуробод» маҳалласида олинган расмлар кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳокимлик ҳолатга муносабат билдириб, ўқувчилар қийинчилик билан юраётган йўл маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилганини маълум қилди
Паркент тумани ҳокимлиги туманнинг «Нуробод» маҳалласидаги ўқувчилар жар ёқалаб мактабга қатнаётгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Паркент тумани «Чанги» қишлоғи «Нуробод» маҳалласи Обишер кўчасида олинган расмлар кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди.
Маълум қилинишича, «Чанги» қишлоғи «Нуробод» МФЙ Обишер кўчасида 14 та хонадон мавжуд. Кўча 2018 йилда ташкил этилган. Ўқувчилар қийинчилик билан юраётган йўл маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган, аммо 2022 йил баҳор фаслидаги давомий ёғингарчиликлар сабабли йўлнинг катта қисмига жиддий зарар етган.
Бу кўчадан 8 нафар мактаб ўқувчиси «Ҳисорак» қишлоғида жойлашган 29-умумтаълим мактабига қатнайди. Ушбу мактабга бориш учун муҳокамаларга сабаб бўлган расмларда кўрсатилган йўлдан ташқари қўшимча хавфсиз йўл ҳам мавжуд. Обишер кўчаси билан мактаб орасидаги масофа 1,3 километрни ташкил этади.
Туман ҳокимлиги мутасадддилари ушбу йўл ички йўллар балансига кирмагани сабабли лойиҳа-смета асосида ички йўллар балансига киритилишини ҳамда қурилиш ишларида малакали мутахассислар жалб қилинишини, шунчаки шағал ташлаш орқали муаммога узил-кесил ечим топиб бўлмаслиги, ёмғирли мавсумларда бундай ҳолатлар яна такрорланиши мумкинлигини маълум қилган.
«Қишлоқдаги бу вазият туман ҳокимлигининг тўлиқ назоратига олинган ва қурилиш ишлари учун лойиҳалаштириш ишлари бошланган. 2022 йил сўнгига қадар бу масалага ижобий ечим топилади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентдаги мактабда ички ишлар ходими қўлида қайчи билан ўқувчилар сочини текширгани, Тошкентда мактаб ўқувчиларига қизил галстук тақдирилгани, Наманганда ўқитувчи 1-синф ўқувчиларини бажармаган уй вазифаси учун изза қилдиргани тўғрисида хабар берилганди.