Наманганда мактаб ўқувчисини 27,5 минг вольтли ток урди — видео
Наманган туманида симёғочга чиқиб, расмга тушмоқчи бўлган 9-синф ўқувчисини 27,5 минг вольтли ток урди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кўнгилсиз ҳодиса 19 сентябрь куни соат 19:05 да Тўрақўрғон—Роустон темирйўл бекатлари оралиғининг 81-километрида содир бўлган. Жабрланувчи йигит туман тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
«Бемор жонлантириш бўлимига келганида шок ҳолатда бўлган. Унга кўрсатилган ёрдамдан сўнг, шокдан чиқарилди ва ҳозирда ҳолати барқарор», — дейди шифокор.
Аниқланишича, ўқувчи ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сонини ошириш ва машҳурликка эришиш мақсадида поезд йўлига ўрнатилган электр симёғочига чиқиб, суратга тушмоқчи бўлган.
Содир бўлган ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси масъуллари томонидан бола таҳсил оладиган 25-сонли мактабда муҳокама йиғилиши ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда TikTok’ка видео олиш учун поезд вагони устига чиққан йигитни ток урган, Тошкент вилоятида эса 2-академик лицей талабаси темир йўл бекатидаги вагон устига чиқиши оқибатида ток уриб, ҳалок бўлганди.
