Алишер Усмоновнинг Германияда кўчмас мулки йўқлиги маълум қилинди
Алишер Усмоновнинг вакиллари 27 сентябрь, сешанба куни Германиядаги россиялик миллиардерга тегишли экани айтилаётган виллалар ва объектларда тинтув ўтказилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Хусусан, тадбиркор вакиллари Усмоновнинг Германияда кўчмас мулки йўқлигини, Бавариядаги Тегернзе кўлида жойлашган вилла оилавий трастларга тегишли эканлигини ва у «бозор нархида» ижарага олинганини даъво қилмоқда.
Шунингдек, россиялик миллиардер «ҳеч қачон Германиянинг солиқ резиденти бўлмагани», шунинг учун солиқ тўлашдан бўйин товлаш борасида ҳеч қандай савол туғилиши мумкин эмаслиги қайд этилган. Умуман олганда, Усмоновнинг матбуот хизмати айбловларни «асоссиз ва туҳмат» деб ҳисоблаб, оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда эълон қилинган хабарларни «Россияда активлари бўлгани учун уни сиёсий таъқиб қилиш» деб атаган.
Аввалроқ Алишер Усмоновнинг Германиядаги уйларида тинтув ўтказилгани хабар берилганди. У миллионлаб евро солиқларни тўламаганликда ва «пул ювишда» гумонланди.
Федерал жиноий полиция идораси, Бавария штати полицияси ҳамда махсус солиқ тергови бўлинмаси ходимлари Усмоновнинг Бавария жанубида жойлашган 500 метр квадрат майдонга эга қароргоҳида рейд ўтказган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари олигархга ва унинг синглисига тегишли қўшни икки уйда ҳам тинтув ишларини амалга оширган.
Маълумотларга кўра, сўнгги саккиз йил давомида олигарх қарийб 555 миллион евро қийматидаги солиқларни тўламаган.