Ўзбекистонда 27,6 трлн сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади
Ўзбекистонда 2022 йил якунига қадар жами 27,6 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бу ҳақда АОКАда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2022 йил якуни билан соҳа бўйича 1,8 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши, 690 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиниши, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 981 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Шунингдек, 470 миллион долларлик қурилиш материаллари импорт қилиниши белгиланган.
2022-2026 йилларда соҳада 5,8 миллиард долларлик 1028 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда 39,3 мингта янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, кластерларни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун 2022-2023 йилларда давлат бюджетидан 200 миллиард сўм, шу йилда 101 миллиард сўм ҳамда геология-қидирув ишлари учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган. Натижада, Янги Ўзбекистон массивларини барпо этишда объектларнинг қурилиш муддати ва таннархини камайтириш имкони яратилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг I ярим йиллигида тармоқ корхоналари томонидан 148,8 миллион доллар миқдоридаги қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти амалга оширилган, белгиланган прогноз (105 миллион доллар) 114 фоизга бажарилганди. Бу 2020 йил жорий даврига нисбатан 144 фоизга ёки 45,2 миллион долларга кўп.
Аввалроқ Ўзбекистондаги қурилиш институтлари Туркия университетлари билан ҳамкорлик қилиши маълум бўлганди.