Россияликлар орасида Ўзбекистонда квартираларни ижарага олишга қизиқиш ортди
Натижада Тошкент марказидаги квартиралар нархи қимматлашиши кузатилмоқда
Сўнгги ҳафталарда Россия фуқароларининг яқин атрофдаги мамлакатга кўчиб ўтиш ҳолатлари икки баробарга ошди. Бу ҳақда «РИА Недвижимость» нашри хабар берди.

Статистикага кўра, россияликлар энг кўп Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Озарбайжонга кўчиб ўтмоқда. Арманистон ва Грузияда Россия фуқароларининг кўчиб келиш кўрсаткичи уч баробарга ошган.
Эскпертларнинг қайд этишича, Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиниши натижасида мамлакат фуқароларининг кўчиб кетиши юқоридаги давлатларда уй-жойлар ижара ҳақининг ошишига олиб келмоқда.
«Нисбатан арзон бўлган Тошкент марказидан бир хонали квартирани ижраси ҳам ойига 400-700 долларни ташкил этмоқда. Пойтахтнинг чекка туманларида ижара ҳақи 200 доллардан бошланади», — дейди Ўзбекистондаги «Этажи» агентлиги бошқарувчиси Артур Югай.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент марказидаги янги қурилган турар жой биноларининг бир квадрат метри 960 доллардан сотилмоқда, иккиламчи бозорда эса 890 доллардан бошланади. Қайд этилишича, майдони 30 квадратни ташкил этадиган бир хонали уйни пойдевори энди қуйилаётган вақтда 15-20 минг доллардан 40-45 минг долларга харид қилиш мумкин. Уйлар битган ҳолатда унинг нархи яна 30-50 фоизга қимматлашади.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Шундан сўнг мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарликка кимлар жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб, уларнинг сони 300 мингга етишини билдирди. Шу куни кечаси Россия бўйлаб сафарбарликка қарши ўтказилган акцияларда 1,4 мингдан ортиқ одам ушланган. Германия сафарбарликдан қочган россияликларга бошпана беришга тайёрлиги маълум қилган.
Россия Президенти администрациясидаги манбага кўра қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин мамлакатни 261 минг эркак тарк этган. Қозоғистон президенти россияликларнинг мамлакатга «оқиб келаётгани» ҳақида гапирганди.