Шавкат Мирзиёев темир йўл ва авиацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди
Президент Шавкат Мирзиёев 28 cентябрь, чоршанба куни транспорт соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда темир йўл саноат ва тадбиркорликни ривожлантиришда катта ўрин тутиши қайд этилиб, бу тизимнинг қувватини ошириш бўйича кўрсатмалар берилган. Хусусан, замонавий электр поездлар олиб келиш, вагонларни таъмирлаш, носоҳавий активларни чиқариш орқали тизимни молиявий соғломлаштириш зарурлиги таъкидланган.
Шунингдек, авиация соҳасида ҳам қулайликларни кўпайтириш, Бухоро, Хоразм ва водий вилоятлари аэропортларини ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириб, хизматлар сифатини яхшилаш кераклиги айтилган.
Шавкат Мирзиёев йиғилиш доирасида автомобиль йўлларининг сифати ва салоҳиятига алоҳида тўхталиб ўтган. Маълумки, бу соҳада лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда назорат функциялари битта ташкилотда жамланган. Бунинг оқибатида кўп йўлларда сифат йўқ. Шу боис йўл қурилишида илғор стандартларни жорий этиш, лаборатор ишларни кучайтириш, пудратчилар масъулиятини ошириш бўйича топшириқлар берилган.
Транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ва соҳани рақамлаштиришга қаратилган кўплаб вазифалари белгиланган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказгани маълум қилинганди. Шунингдек, Президент ҳузурида электротехника саноатидаги истиқболли йўналишлар ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.
