Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
Тошкентнинг шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган айрим турар жой бинолари ва улгуржи ташкилотларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Пойтахт» хабар берди.

Қайд этилишича, «Авиасозлар» 2-мавзесида жойлашган газ қувурини хавфсиз ҳудудга кўчириш ишлари режалаштирилган. Шу сабабли 28 cентабрь куни соат 10:00 дан 17:00 га қадар ушбу ҳудуддаги 8 та кўп қаватли уйда ҳамда 5 та улгуржи ташкилотларда газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилади.
Хусусан, ҳудуддаги 5 та новвойхонада газ вақтинча бўлмайди.
«Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали таъмирлаш ишлари туфайли етказилаётган ноқулайликлар учун табиий газ истеъмолчилардан узр сўрайди.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги Тошкентда газ таъминоти тўхтатилиши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирганди. Шунингдек, Ўзбекистонда газ тўлдириш шохобчалари фаолиятига чекловлар ўрнатилиши ва Фарғона водийси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг қатор ҳудудларида газ етказиб беришда узилишлар кузатилаётгани ҳамда бунга нима сабаб бўлаётгани маълум қилинганди.