Тошкентдаги кафеларнинг бири ёниб кетди
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган ошхоналарнинг бирида ёнғин содир бўлди, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 28 сентябрь куни соат 10:07 да Яшнобод тумани «Муҳтор Ашрафий» кўчасида жойлашган ошхоналарнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 10:12 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 10:29 да қуршаб олинган ва соат 10:41 да бартараф этилган.

Ёнғин натижасида ошхонанинг тахминан 100 квадрат метр майдонда том қисми ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари қайд этилмаган.
«Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Фарғонадаги корхоналарнинг бирида ёнғин содир бўлгани, Тошкентдаги ресторанда ёнғин чиққани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Яккасарой туманида 1 сентябрь куни ишлаб чиқариш цехида юзага келган ёнғин юзасидан расмий маълумот берилган, пойтахтдаги атир-упа дўконида йирик ёнғин содир бўлгани хабар қилинганди.