14:46 | 28.09.22 323

«Залдан чиқиб кетинг ва гувоҳномани топширинг». Умурзоқов ҳокимларни қандай ишдан олгани аудиоси тарқалди

Президент администрацияси раҳбари видеоселекторда бешта ҳоким ва бир агентлик раҳбарини лавозимдан олган

Шавкат Мирзиёев қарори билан бир қатор туман ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани тўғрисида хабар берилганди. Ижтимоий тармоқларда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов бошчилигида видеоселектор йиғилишининг аудиоси тарқалди. Унда Умурзоқов 5 нафар ҳоким — Андижон, Асака, Пахтобод, Фарғона ва Нуробод туманлари раҳбарлари ишдан олинганини эълон қилганини эшитиш мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Селектор аввалида Президент администрацияси раҳбари ўзи эълон қилган раҳбарлар студияга микрофон қаршисига чиқишини сўраган.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Андижон тумани ҳокими Эгамбердиев жаноби олийлари, селекторда айвонда ўтирмаяптиларми? Ҳамма кўрди мана, сизни деб бутун дунёга шарманда бўлдик. Айвонга ўтирволиб, масофа сақламоқчи бўлсангиз, сектор раҳбарларини нимага олдингизга ўтирғизиб олдингиз? Фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик, димоғдорлик, кибр-ҳаво, бу нима деган гап? Бутун жамиятимиз, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлиб, бутун давлат тизими, Президент командасини обрўсизлантиришга олиб келдингиз. Шунинг учун бугун ҳурматли Президентимиз қарор қабул қилдилар, биринчидан сиз эгаллаб турган лавозимингиздан озод қилинасиз. Иккинчидан, сизнинг бу хатти-ҳаракатингизга ҳуқуқий баҳо берилади. Чиқиб кетинг залдан», — дейди Президент администрацияси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев 2021 йил февралида лавозимга тайинланганди.

Шундан сўнг Умурзоқов Асака тумани ҳокими Мансурбек Алихоновга юзланган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

«Асака туман ҳокими жаноб Алихонов. Ер ажратиш масаласида — 56 та қарор билан 2390 гектар ер ноқонуний ажратилган. Бир ярим йил ичида ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган. Шунинг учун бугун ҳурматли Президентимиз қарорлари билан сиз ҳам лавозимингиздан озод этиласиз, чиқиб кетинг залдан. Бу залда туришга сизнинг ҳаққингиз йўқ», — дейди Президент администрацияси раҳбари.

Мансурбек Алихонов 2020 йил сентябридан буён Асака туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

Бундан ташқари, Умурзоқов Пахтобод тумани ҳокими Элёрбек Усмонов ҳам лавозимидан озод этилганини айтиб, залдан чиқиб кетишини сўради. «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида «Барлос асали» фермер хўжалигига чорва ҳайвонлари учун 4,8 миллиард сўмлик 291 та имтиёзли кредит ажратиб берганди.

Фото: «Daryo.uz»

«Пахтобод тумани ҳокими Усмонов жаноблари. Ҳозир фуқароларга қўйлар ҳақиқатдан ҳам етказиб берилгани ва бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда, алоҳида текшириш бўляпти. Бу ўз йўлига, иккита бошқа ҳолатлар исботи, далили, расми ва аудиоси билан столимда турибди. Бугун ҳурматли Президентимизнинг топшириқлари билан сиз лавозимингиздан озод этиласиз, залдан чиқиб кетинг. Шуҳратбек Қўшоқбоевич (Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов), ҳозир мана шу 3 нафар ҳокимнинг масаласини тезкор ҳал қиласиз, буларнинг бинодан чиқиб кетишида гувоҳномасини олиб қўйсин. Шарманда қилиб, бинодан чиқариб юборсин, иккинчи яқинлаштирмасин», — дея таъкидлаган у.

Элёрбек Усмонов 2022 йил февралидан буён Пахтаобод тумани ҳокими сифатида ишлаб келаётганди.

Шу билан бирга, селектор йиғилишида Фарғона туман ҳокими Шуҳратжон Мўминов ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Фото: Фарҳона тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

«Фарғона тумани ҳокими Мўминов жаноблари, микрофонга келинг. Сиз ҳам жуда яхши биласиз, алоҳида жиноят иши қўзғатилган. Сизни туманингизда конкурссиз ерлар ажратиш бўйича қарорлар чиқарилган. Унумдор бўлган 25 гектардан кўп ер майдонини бириктириш эвазига нималар бўлганини ҳам жуда яхши биласиз. Жаноб Мўминов, ёзмасангиз ҳам бўлади, китобчангизни ёпинг, ручкангизни кистангизга солинг. Ҳурматли Президентимизнинг бугунги қарорлари билан Фарғона тумани ҳокими Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Залдан чиқиб кетинг. Хайрулла Ҳайитбоевич, гувоҳномасини топширсин. Ҳали унинг жиноий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслик масаласини икки ҳафтада гаплашамиз», — дейди Умурзоқов.

Шуҳратжон Мўминов ушбу лавозимда 2020 йил ёзидан буён ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, туман ҳокимлиги девонхона бўлими мутахассисини калтаклаган Нуробод туман ҳокими Шерали Йўлдошев ҳам ишдан бўшатилган.

Фото: Нуробод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

«Йўлдошев жаноблари янги ҳоким, ярим йил ҳам бўлмади ҳали. Менимча, ‘ҳоким дегани зўравонлик қилиши, ман деб туриб олиши, бу бир тўраларча ёндашув билан ишлаш керак деганиʼ, деб тушунса керак. Ярим йиллик ҳокимимиз, мана. 23 август куни берилган вазифаларни ўз вақтида бажармаганини рўкач қилиб, туман ҳокимлиги девонхона бўлими мутахассисига нисбатан куч ишлатган. У бечора девонхона ходими хоҳласа ҳам андиша қилганидан, тарбияли бўлганидан жавоб қайтаролмайди. Нечанчи асрда яшаяпмиз? Янги Ўзбекистонга муносиб ҳоким шундай бўладими? Идора ва ташкилотлар раҳбарларини қўл остидаги ходимлари, фуқаролар олдида турли ҳақоратли сўзлар билан камситишни ўзингизга одат қилиб олгансиз, жаноб Йўлдошев. Ким сизга рухсат берди? Ўзингизга, оилангизга, бутун вилоятга, давлат тизимига иснод келтирдингиз. Ҳамма ҳар битта айтган ҳақоратомуз сўзларингизнинг аудиоси ҳам бор, расшифровкаси ҳам бор — ҳаммаси турибди. Энг аянчлиси, ачинарлиси, ҳурматли Президентимиз ҳам шунинг ҳаммасини кўриб, эшитиб жуда ҳам каттиқ ранжидилар… Залдан чиқиб кетинг, гувоҳномасини олиб қўйинглар», — дейди Умурзоқов.

Шерали Йўлдошев 2022 йилнинг мартида ҳоким лавозимига тайинланганди.

Шундан сўнг Умурзоқов Вазирлар Маҳкамаси студиясини ёқишни сўраган. «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Отамуродовнинг Наманган вилоятида хизмат сафаридаги ишларини эслатиб ўтган.

«Нималар қилганингизни ҳамма кўрди. Бу давлат органи, республика органи раҳбарининг ҳаракатига, даражасига ва лавозимига тўғри келмайдиган ҳолат. Давлат тизимини шарманда қилиб, обрўсизлантирдингиз. Президентимизнинг қарори билан бугун лавозимингиздан бўшатиласиз. Чиқиб кетинг залдан, жаноб Отамуродов. Қўриқчига гувоҳномасини топширсин», — дейди Умурзоқов.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Ангор тумани прокурори суҳбати акс этган аудиоёзувлар тарқалганди. Ўшанда Боболовга тегишлилиги таъкидланган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар Бош прокуратура томонидан ўрганилаётгани айтилганди. 27 сентябрь кунги йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокимига иш ҳақининг 40 фоизини жарима тортиш чораси кўрилган.