Бугун оқшоми. Покистонга юборилган гуманитар ёрдам, лавозимидан озод қилинган бош прокурор ўринбосари, «запрет»дан чиққан ўзбек пахтаси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Чирчиқ дарёсидаги балиқлар оммавий нобуд бўлаётганига муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ дарёсидаги балиқлар оммавий равишда нобуд бўлаётгани айтилган видеомурожаатга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси муносабат билдирди.

Маълум қилинича, олиб борилган таҳлиллар натижасида ҳолат Тошкент вилояти Янгийўл тумани «Қўшёғоч» МФЙдаги масъулияти чекланган жамиятга тегишли ҳовузда юз бергани аниқланган. МЧЖ ҳовузида 24 сентябрь куни балиқ овлаш пайтида узоқ вақт тўрда қолиб кетгани, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида сувнинг меёрдан ортиқ илиши ва сув таркибидаги кислороднинг камайиши оқибатида балиқлар ўла бошлаган. Чала ўлган балиқлар ҳовудан 10 метр узоқликдаги Чирчиқ дарёсига оқизилган.

Кадр: Telegram

Самарқандда икки қаватли автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди

Самарқанд шаҳрида замонавий икки қаватли автобуслар — «даблдекер»лар ҳаракати йўлга қўйилди. Эндиликда соат 10:00 дан бошлаб шаҳардаги Амир Темур мақбарасидан «Буюк ипак йўли» сайёҳлик марказигача бўлган йўналишда Лондон рамзига айланган автобуслар қатнайди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бош прокурор ўринбосари вазифасидан озод этилди

Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан вазифасидан озод этилди. У бу лавозимда 2020 йилнинг 23 мартидан бери фаолият юритиб келаётганди.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда Покистонга гуманитар ёрдам юборди

Ўзбекистон ва БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамкорликда ёмғирлар мавсумидаги тошқинлардан жабр кўрган Покистон аҳолисига 29 сентябрь куни инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Асосан тошқинларда бошпанасидан айрилганларга вақтинчалик яшаш учун мўлжалланган турар жой модулларидан иборат 15 тонна юк Термиздан Карачига учган самолётда олиб кетилган.

Фото: «Дунё» AA

Тошкентга янги ва кенг автобуслар олиб келинади

Тошкентга 2022 йил якунига қадар 190 та MAN A22 SNG русумли катта сиғимли автобуслар олиб келиш режалаштирилмоқда. Маълум қилинишича, янги автобуслар 30 та ўтириш ва 60 та туриш ўрнига эга бўлади. Уларнинг қайси йўналишларда қўйилиши кўриб чиқилаётгани таъкидланган. Шунингдек, янги автобусларнинг баъзи йўналишларда кичик ҳажмли эски Isuzu’лар ўрнини эгаллаши эҳтимоли мавжудлиги ҳам айтилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбек пахтаси АҚШнинг «қора рўйхат»идан чиқарилди

АҚШ ўзбек пахтасини мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарди. АҚШ Меҳнат вазирлиги эълон қилган ҳисоботда 2011 йилдан бери илк бор Ўзбекистоннинг болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.

Эндиликда, ўзбек пахтаси АҚШнинг «Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати»да эмас. Бу Ўзбекистон учун пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни мамлакатга олиб киришдаги чекловларни бекор қилади ва АҚШга тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун яхши имконият яратади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж ва Умра квоталари оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга ташриф буюрган Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабияни қабул қилди. Суҳбат давомида ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотасини 2 баробар — 24 мингтага, Умра квотасини 100 мингтага ошириш бўйича келишувга эришилди. Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг август ойида Саудия Арабистонига ташрифни амалга оширганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жаҳонда нима гап?

Флорида қирғоқларига «Ян» тўфони ёпирилди

АҚШнинг Флорида штатига «Ян» тўфони ёпирилди. 28 сентябрь куни шамол тезлиги соатига 250 километргача етиб, энг юқори бешинчи даражани қайд этган. Тўфон оқибатида ҳозирга қадар 2 киши ҳалок бўлган. Флориданинг 2 миллион аҳолиси электр токисиз қолган. Шунингдек, «Роскосмос» ва NASA’нинг келишувига асосан Халқаро космик станцияга учирилиши керак бўлган ракетанинг парвози кечиктирилган.

Кадр: CNN

Қозоғистон Россиядан келаётган фуқаролари учун «яшил коридорлар» яратади

Қозоғистон россияликлар мамлакатга оммавий кириб келиши туфайли чегарада қолиб кетаётган Қозоғистон фуқаролари учун «яшил коридорлар» яратади. Таъкидланишича, «яшил коридорлар» биринчи навбатда фуқаролар ва озиқ-овқат ортилган машиналар учун 29 сентябрдан 30 сентябргача ташкил қилинади.

Фото: Business-Vector

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди. Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда банан истеъмоли камайиши мумкин
Янгиликлар8:14 | 10.12.22
Ўзбекистонда банан истеъмоли камайиши мумкин
Ўзбекистонда 10 декабрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Янгиликлар7:31 | 10.12.22
Ўзбекистонда 10 декабрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Мақолалар2:17 | 10.12.22
Шам кўтарган Зеленский, туннелни тўсиб қўйган намойишчилар, олов ичидаги шайтон — 9 декабрь суратлари
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
Янгиликлар23:27 | 9.12.22
Путин янги йил олдидан Санкт-Петербургда МДҲ норасмий саммити ўтказилишини тасдиқлади 
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Спорт22:59 | 9.12.22
ЖЧ-2022. Хорватия Бразилияни сенсацион тарзда енгиб, ярим финалга йўл олди
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Янгиликлар22:45 | 9.12.22
Оқ уй Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди