Самарқандда «даблдекер»лар ҳаракати йўлга қўйилди
Автобуслар ҳар куни Амир Темур мақбарасидан йўлга чиқади
Самарқандда 29 сентябрдан бошлаб икки қаватли сайёҳлик автобуси — «даблдекер» ҳаракати йўлга қўйилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, эндиликда Самарқанд шаҳри меҳмонлари ва аҳолиси Лондон рамзига айланган икки қаватли автобусларда экскурсия қилишлари мумкин Автобуслар ҳар куни Амир Темур мақбарасидан «Буюк ипак йўли» туристик марказигача бўлган йўналишдаги тарихий ва замонавий Самарқанд билан танишишлари мумкин бўлади.
«Автобус ҳаракати 10:00 дан бошланади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда икки қаватли экскурсия автобуслари 2015 йилнинг январидан қатнай бошлаган. Tashkent city tour ёзуви ва Ўзбекистоннинг сайёҳлик логотипи туширилган иккита автобус шаҳар бўйлаб ҳар куни қатнайди. Автобуслар «Ўзбекистон» меҳмонхонасидан 9:00, 10:00, 12:00, 13:00, 15:00 ва 16:00 да йўлга чиқади.
Аввалроқ Президент видеоселекторда Туризм вазирлиги ва вилоят ҳокимлари олдига янги имкониятлардан фойдаланиб, келгуси йилда камида 7 миллион хорижий ва 12 миллион ички туристларни жалб қилиш вазифасини қўйганди.