Тошкентда шер ва тимсоҳ болаларидан дўкон рекламаларида фойдаланган фуқаро жазоланди
Ижтимоий тармоқларда фуқаролар Instagram саҳифаларидаги Stories’ларда шер боласи ҳамда тимсоҳ болалари билан ўйнаб, баъзи бир дўконларнинг рекламасида фойдаланаётгани акс этган жараёнларни жойлаши, бу масалага эса масъулларнинг бепарво бўлаётганлиги тўғрисида фото хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошармаси ўрганиш ишлари олиб борилганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, бошарма давлат инспекторлари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мурожаатда қайд этилган манзилда атрофлича суриштирув ишлари ўтказилган.
Суриштирув натижаларига кўра, ҳуқуқбузарликни содир этган фуқаро (исм, фамилияси ўзгартирилди) Н.С.га нисбатан давлат инспекторлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима жазоси белгиланган. Шу каби ҳаракатлар қайта содир этилмаслиги юзасидан тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилган.
Аввалроқ Insta-блогерлар Жасур Шодиев ва Ҳумоюн Муҳаммаджонов қўпол пранклари учун 15 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қўли чопиб ташлангани айтилган блогер ҳолатни рад этганди.