Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича 10 та мамлакат ичида биринчи ўринни эгаллади
Мамлакат GFSI-2022 рейтингида ўн икки ўринга кўтарилган
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари 2019-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индексидаги ўрни қандай ўзгарганини таҳлил қилди.

Қайд этилишича, Глобал озиқ-овқат хавфсизлиги индекси (GFSI) ишлаб чиқилган бўлиб, унинг рейтинги Economist Intelligence Unit таҳлил агентлиги томонидан Corteva Agriscience кўмагида ҳар йили қайтадан тузилади. GFSI-2022 20-сентябрда нашр этилган ва индекснинг ўн биринчи нашри ҳисобланади.
GFSI озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятлари, уларнинг мавжудлиги ва хавфсизлиги, шунингдек, дунёдаги 113 та мамлакатнинг табиий ресурслари ва барқарорлигига оид масалаларни кўриб чиқади.

Таҳлил натижаларига кўра 2019-2022 йиллар бўйича умумий рейтингда Ўзбекистон ўн икки ўринга кўтарилган ва 2022 йилда 113 та мамлакат орасида 73-ўринни эгаллаган.
Шу тариқа, Ўзбекистон 2019-2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори ўсиш кўрсаткичларига эришган 10 мамлакат ичида биринчи ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон «Иқтисодий фойдалана олиш имконияти» категорияси бўйича 18 ўринга, «Сифат ва хавфсизлик» категорияси бўйича 3 ўринга, «Барқарорлик ва мослашиш» категорияси бўйича 36 ўринга кўтарилган.
Аввалроқ Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги озиқ-овқат нархлари, мамлакат Хитойдан асосан қайси озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилаётгани, аҳоли импорт товарлари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, тадбиркорлар эса транспорт хизматлари қимматлашишини кутаётгани тўғрисида хабар берилганди.