Самарқандда майнинг-ферма ташкил қилган шахс 1,1 млрд сўм зарар етказгани маълум бўлди
Самарқанд вилояти Қўшработ туманида майнинг-ферма ташкил қилган шахс давлат ва жамият манфаатларига 1,1 миллиард сўм зарар етказгани маълум бўлди Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, департаментнинг туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «М.И.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Ҳ. ўзбошимчалик билан ўзи томонидан сотиб олинган трансформаторни ўрнатиб, ноқонуний равишда 63 дона майнер ускуналари ва икки дона сув насосларидан фойдаланиб келганлиги оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,1 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланган.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.
Аввалроқ Сирдарёда 9,2 миллиард сўмлик крипто-актив қурилмаларидан ноқонуний фойдаланганлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бухорода газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқлангани хабар қилинган.
