Тошкентда ИИБ ходимлари спорт залидан йигитларни олиб кетгани юзасидан маълумот берилди
Таъкидланишича, улар тергов идорасига чақиртирилган бўлса-да, келишдан бош тортиб юрган
Тошкент шаҳар ИИББ Чилонзор туманида бир нечта фуқаро спорт залларидан олиб чиқиб кетилгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими иш юритувида фуқаро А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) аломатлари билан қўзғатилган жиноят иши тергов қилинмоқда.
Мазкур фуқаро халқаро террористик ташкилотларга қўшилиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетаётган вақтида қўлга олинган.
Жиноят иши доирасида гумонланувчининг жиноий шерикларини аниқлаш мақсадида бир нечта фуқаро тергов идораларига чақиртирилган, бироқ айрим фуқаролар узрли сабабларсиз тергов органларига келишдан бош тортгани сабабли, улар ҳудудий туман ИИО ФМБга мажбурий тартибда олиб келинган.
Айрим фуқаролар Чилонзор туманидаги спорт залларда бўлган ва туман ИИО ФМБга олиб борилган. Келтирилган ҳар бир фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, жиноят ишига алоқадор бўлмаган фуқаролар қўйиб юборилган. Уч нафар фуқарога нисбатан жиноят иши доирасида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов давом этмоқда.
Аввалроқ Андижонда фермер хўжалиги раҳбарини ИИБ ходимлари ва ниқобли шахслар калтаклаб, қўрқитгани, Олий суд Фарғонада фуқарони калтаклаган ИИБ ходимлари судда оқлангани юзасидан баёнот бергани, Хоразмда ИИБ ходимлари эркакни калтаклагани юзасидан текширув бошлангани тўғрисида хабар берилганди.