Ўзбекистонда диплом маълумотларини электрон шаклда олиш йўлга қўйилди
Ўзбекистонда олий таълим муассасасини тугатганлик тўғрисидаги диплом маълумотларини электрон шаклда олиш учун «Diplom.edu.uz» ахборот тизими ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.
Тизим қуйидаги жараёнларни ўз ичига олади:
- битирувчиларнинг диплом маълумотлари киритилади ва тасдиқланади;
- диплом маълумотлари мавжуд бўлмаганда битирувчилар Ягона идентификация тизими — OneID орқали рўйхатдан ўтиб, маълумотларни киритади. Олийгоҳ эса диплом маълумотлари тўғрилигини тасдиқлайди.

Платформа бошқа давлат идоралари ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бунда маълумотлар автоматик тарзда шаклланади ва диплом маълумотларини киритиш талаб этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, июль охирларида ҳукумат қарори билан Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланганди. Регламентга кўра, таълим ташкилотини тамомлаган, маълумотини тасдиқловчи ҳужжати (диплом, сертификат) йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган, фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда жисмоний шахслар ҳужжатнинг дубликатини бериш учун давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП («My.gov.uz») орқали мурожаат қилади.