Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида «Ўзбекистонлик» халқаро форуми бўлиб ўтди

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида «Ўзбекистонлик» халқаро форуми ва хорижда муваффақиятга эришган ватандошларимиз ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистонлик» фильмининг иккинчи эпизоди премьераси бўлиб ўтди.

Форум икки юз нафардан ортиқ муваффақиятга эришган ватандошлар, шунингдек, Европа дипломатлари, бизнесменлар, креатив индустрия вакиллари ва европалик экспертларни бирлаштирди.

«Ўзбекистонлик» форуми Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Orient Group компанияси ва Uzbekistan Airways миллий авиаташувчиси кўмагида ташкил этилган. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — чет давлатларида яшаб, фаолият олиб бораётган ва турли соҳаларда муваффақиятга эришган ўзбекистонликларни бирлаштириш ҳамда улар билан она ватан ўртасида мулоқот ўрнатиб, ҳамкорлик кўпригини яратишдир. Шунингдек, мамлакатнинг интеллектуал ҳамда иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашда ҳамкорликдаги лойиҳалар амалга ошириш кўзда тутилган. Форумнинг очилишида бош вазир ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов видеомурожаати намойиш этилди.

Форум доирасида Aral Dream халқаро PR-дастури тақдимоти ўтказилди. Унинг ёрдамида тадбир меҳмонлари ўз мобил қурилмаларида янги «Araldream.com» онлайн-ҳабидан фойдаланиб, Оролбўйи муаммолари ҳамда уларни ҳал этишнинг инновацион йўллари ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга бўлди.

Бундан ташқари, меҳмонларга Оролбўйи муаммосига бағишланган «Шўрхок» қисқа метражли фильми премьераси ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов ва «Электрооко» гуруҳи ижросидаги «Эртанги кун» видеоклипи намойиш этилди. Ушбу мусиқий композиция «Орол орзуси» лойиҳасининг бир қисми бўлиб, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов ўзининг видеомурожаатида таъкидлаганидек, бугунги кунда жамоатчилик эътиборини экологик фожиа ва иқлим ўзгаришларига жалб этиш ўта зарур.

Форумнинг якунловчи қисмида «Ўзбекистонлик» фильмининг иккинчи эпизоди премьераси намойиш этилди. Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ғоя муаллифи сифатида форум қатнашчилари қаршисида видеомурожаат орқали сўзга чиқди.

Режиссёр Мухлиса Азизова томонидан суратга олинган фильмда икки нафар ватандошимиз босиб ўтган мураккаб йўл ва улар эришган ютуқлар ҳақида сўз боради. Улардан бири — Дмитрий Богданов. Дастлаб Тошкентда, кейин эса Берлинда ўқишни тамомлаган. Хориж таълим муассасасида у фазовий технологиялар йўналишини танлаган ва бу қарор унинг ҳаётида ҳал қилувчи бўлган. Бугун ҳамюртимиз дунёга машҳур миллиардер Илон Макснинг Space X компанияси учун сунъий йўлдошларни етказиб берувчи ExoLaunch компанияси асосчисидир. Навоийлик Муштарий Шарифованинг ҳикояси томошабинларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. У Ўзбекистонда ва хорижнинг University of Applied Sciences in Europe олийгоҳида бизнес ва менежмент йўналишида таҳсил олган. Муштарий Tesla компаниясига ишга кирган илк ўзбекистонлик қиз бўлди.

«Ўзбекистонлик» фильмини Uzbekistan’s Club YouTube каналида томоша қилиш мумкин.

Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Янгиликлар17:02 | 3.12.22
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади
Янгиликлар13:15 | 3.12.22
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида 5 декабрь куни қор ёғади