Ҳафталик дайжест. Ҳокимларга танбеҳ берган Сардор Умурзоқов, икки баробар оширилган Ҳаж квоталари, Украинада ўтган референдумлар, Россиядаги мактабда содир бўлган отишма, АҚШга ёпирилган тўфон

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Россияда сафарбарликка қарши намойишлар, россияликларнинг оммавий равишда мамлакатни тарк этиши, Ўзбекистонда бир нечта туманлар ҳокимларининг ишдан олиниши-ю, хонанда Зоҳиднинг автоҳалокатга учрагани билан эсда қолган ҳафта ҳам якунига етиб бормоқда. Қуйида ҳафтанинг энг муҳим хабарлари жамланган дайжест билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Якунига етган ҳафтада ўзбекистонликлар ҳаётида нималар рўй берди?

Душанба — 26 сентябрь

Абдулла Арипов Қирғизистонга ташриф буюрди

Бош вазир Абдулла Арипов шу куни Қирғиз Республикасига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад, икки давлат ўртасидаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш эканлиги маълум қилинди. Абдулла Арипов ташриф давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара бўйича қўшма протоколни имзолашда қатнашди. Кейинроқ, 1 октябрь куни эса Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Ўзбекистон билан чегара масаласи тинч йўл билан ҳал қилинганини таъкидлади.

Фото: Қирғизистон ҳукуматининг матбуот хизмати

Муфтий Ўзбекистон аҳли илмларига мурожаат қилди

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон аҳли илмларига мурожаат қилиб, унда асосий эътиборни сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда бўлаётган баҳслар, бир-бирини камситиш ва ҳақорат қилишга сабаб бўлувчи тортишувларга қаратди. Муфтий номини айтмаган баъзи аҳли илмлар ўз хатти-ҳаракатлари билан динни хунук кўрсатиб қўяётганини таъкидлаб, аҳли илмлардан бирортаси кимнингдир кўнглини оғритиб қўйган бўлса, уларнинг номидан узр сўрашини билдирган.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкент метрополитенида поезд тўхтаб қолди

Тошкент метрополитенида 26 сентябрь куни яна поезд тўхтаб қолди. «Чилонзор» йўналишида ҳаракатланаётган поезд носозлик сабаб «Буюк ипак йўли» бекатига кириб келиш чоғида туннель ичида 7 дақиқа давомида тўхтаб қолган.

Фото: «Bugun.uz»

Сешанба — 27 сентябрь

Ўзбекистон хақл шоири Жамол Камол вафот этди

Ўзининг шеърлари, таржималари билан китобхонларга яхши таниш бўлган, 1991-1996 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол 27 сентябрь куни 84 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Фото: Ижтимоий тармоқ

Тошкентда улкан чинорлар кесиб ташланди

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида йўғонлиги 70-80 сантиметр келадиган катта чинорлар кесиб ташланди. Туман Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси дарахтларнинг кесилишини уларнинг «табиий равишда қуриб қолган»и билан изоҳлади. Бунда қуриган дарахтлар фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкига зиён етказмаслиги мақсад қилингани таъкидланди.

Фото: Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Чоршанба — 28 сентябрь

Сардор Умурзоқов бир қатор мансабдорларга қаттиқ танбеҳ берди

Президент қарори билан 27 сентябрь куни бир қатор туманларнинг ҳокимлари вазифасидан олинганди. Бир кун ўтиб эса тармоқларда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг видеоселектор йиғилишидаги нутқининг аудиоси тарқалди. Селектор аввалида у Андижон, Асака, Пахтабод, Фарғона, Нуробод туманлари ҳокимларини минбарга яқинроқ келишини сўраган.

Фото: «Bugun.uz»

Шундан сўнг ижтимоий тармоқларда фуқароларни айвонда ўтириб қабул қилгани билан «машҳур» бўлган Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевга юзланиб, унинг селекторда айвонда ўтириб қатнашаётгани ёки йўқлиги билан қизиққан. Абдужаббор Эгамбердиевни фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик ва димоғдорлик қилгани оқибатида Президент жамоасининг обрўсига путур етказганлигини таъкидлаб, давлат раҳбари қарорига асосан, вазифасидан озод қилиниши ҳамда хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилган. Сардор Умурзақов сўзи охирида Эгамбердиевга залдан чиқиб кетишини буюрган.

Сардор Умурзоқов Асака туман ҳокими Мансурбек Алихоновни ер ажратиш масаласидаги 56 та қарор билан 2390 гектар ер ноқонуний ажратилгани учун, Пахтобод тумани ҳокими Элёрбек Усмоновни «Ҳар бир оила тадбиркор» лойиҳасидаги, Фарғона тумани ҳокими Шуҳратжон Мўминов 25 гектардан кўп ерни бириктириб беришдаги ноқонуний ҳаракатлари учун лавозимидан озод қилинганини билдириб, залдан чиқариб юборган.

Нуробод тумани ҳокими Шерали Йўлдошев туман хокимлиги девонхонаси мутасаддиларига нисбатан куч ишлатгани ва уларни ҳақорат қилгани учун, «Ўзбекчорванасл» агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов Намангандаги хизмат сафари давомида қилган хатти-ҳаракати сабабли ишдан олинган. Сардор Умурзоқов залдан чиқиб кетишини айтган мансабдорларга эшикдан чиқишда гувоҳномаларини топшириб кетишни буюрган.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга аввал тарқалган аудиолари учун маошининг 40 фоизи чегириб қолиниши маълум қилинган.

Пайшанба — 29 сентябрь

Бош прокурор ўринбосари вазифасидан озод этилди

Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан вазифасидан озод этилди. У бу лавозимда 2020 йилнинг 23 мартидан бери фаолият юритиб келаётганди.

Фото: ЎзА

Ўзбекистондан Покистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди

Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорликда сув тошқинларидан жабр кўрган Покистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Термиздан Карачига учган самолётда тошқинларда бошпанасидан айрилганлар учун вақтинчалик турар жой мажмуаларидан иборат 15 тонналик гуманитар ёрдам юклари бўлган.

Фото: «Дунё» AA

Ўзбек пахтаси АҚШнинг «Қора рўйхат»идан чиқарилди

АҚШ Меҳнат вазирлиги эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистонда етиштирилган пахта «Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати»дан чиқарилган. Бу ўзбек пахтасини АҚШга олиб киришдаги чекловлар бекор қилиниб, тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун яхши имконият юзага келганини англатади.

Фото: «Bugun.uz»

«Уммон» гуруҳининг собиқ аъзоси Зоҳид автоҳалокатга учради

«Уммон» гуруҳининг собиқ солисти Зоҳид Рисқиев 29 сентябрь куни 23:00 лар атрофида Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги MegaPlanet савдо маркази яқинида автоҳалокатга учради. Зоҳид Рисқиев бошқарувидаги BMWда бўлган бир нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлган, икки нафари эса шифохонага ётқизилган. Зоҳид Рисқиев бош мия очиқ жароҳати билан жонлантириш бўлимида эканлиги хабар қилинган.

Фото: Instagram

Ўзбекистонликлар учун Ҳаж ва Умра квоталари оширилиши маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга ташриф буюрган Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабияни қабул қилди. Суҳбат давомида ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотасини 2 баробар — 24 мингтага, Умра квотасини 100 мингтага ошириш бўйича келишувга эришилди. Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг август ойида Саудия Арабистонига ташрифни амалга оширганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жума — 30 сентябрь

Тошкентда ИИБ ходимлари спорт залидан йигитларни олиб кетгани бўйича маълумот берилди

Бир гуруҳ йигитлар Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги спорт залидан олиб кетилгани юзасидан маълумот берилди. Қайд этилишича, халқаро террористик ташкилотга қўшилиш учун мамлакатни тарк этаётган фуқаро қўлга олингач, унинг шерикларини аниқлаш мақсадида бир неча киши тергов идораларига чақирилган. Бироқ уларнинг баъзилари узрли сабабларсиз идорага келишдан бош тортгани учун ҳудудий ИИО ФМБга мажбурий тартибда олиб келинган. Келтирилган фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, жиноят ишига алоқадор бўлмаганлари қўйиб юборилган. Уч кишига нисбатан эса қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Ўзбекистон олтин заҳираларининг ўсиши бўйича дунёда бешинчи ўринни эгаллади

Ўзбекистон 2022 йилнинг январь-август ойлари давомида олтин заҳираларининг ўсиши бўйича Ҳиндистон, Ироқ, Миср ва Туркиядан сўнг дунёда бешинчи ўринда қайд этилди. Бу вақт давомида мамлакат олтин заҳиралари 19 тоннага кўпайган. Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистоннинг олтин заҳиралари миқдори 381 тоннадан ортиқни ташкил қилади (умумий заҳиранинг 59 фоизи).

Шанба — 1 октябрь

Самарқанддаги тўйда йўқолиб қолган боланинг жасади қудуқ ичидан топилд

Самарқанд вилояти Ургут туманида тўйда йўқолиб қолган боланинг жасади 5 кун ўтиб 8 метрли қудуқдан топилди. Маълум қилинишича, 25 сентябрь куни 16:00 лар атрофида бола бувиси билан туманнинг «Этакбешкапа» МФЙда жойлашган тўйхонага қариндошларининг тўйига борган вақтда йўқолиб қолган. Шундан сўнг, 30 сентябрда боланинг жасади тўйхона атрофидаги ичимлик суви олиш учун қазилган 8 метрли қудуқдан топилган.

Кадр: Telegram

Якунига етган ҳафтада жаҳонда нималар рўй берди?

Душанба — 26 сентябрь

Россия фуқароларини мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлаш бошланди

Россияни тарк этаётган сафарбарликка чақирилганларни чегарада тўхтатиб қолиш бошланди. 26 сентябрь куни бир неча кишига ҳарбий комиссариатлар қарори билан мамлакатни тарк этиши тақиқлангани билдирилган.

Фото: AFP

Қозоғистон Украинанинг 4 та ҳудудида ўтказилган референдумлар натижаларини тан олмаслигини билдирди

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакат Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запарожье ҳудудларида Россия таркибига қўшилиш учун ўтказилган референдумларни тан олмаслигини маълум қилди. Шу тариқа Қозоғистон референдумларга нисбатан ўзининг қатъий позициясини билдирган Марказий Осиёдаги илк давлат бўлди.

Фото: «ВКонтакте»

Россияда 25 ёшли йигит «воэнкомат»да отишма содир этди

Россиянинг Иркутск вилоятида сафарбарликка чақирилган 1997 йилда туғилган йигит «воэнкомат»да отишма содир этди. У ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб чақирув комиссарини ўлдирган.

Кадр: Telegram

Россия мактабларидан бирида отишма содир этилди

Россиянинг Удмуртия ҳудудидаги Ижевск шаҳрида жойлашган 88-мактабда қора кийимлли номаълум шахс томонидан отишма содир этилди. Ҳодиса оқибатида 13 киши, жумладан икки ўқитувчи, 2 қоровул ва 9 нафар ўқувчи ҳалок бўлган. Шунингдек, 23 киши жароҳатланган бўлиб, улардан 20 нафари ўқувчилар бўлган. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Ижевскдаги ҳодиса юзасидан Владимир Путинга таъзия билдирди.

Фото: Telegram / Baza

Туркиядаги полиция идорасида теракт содир этилди

Туркиянинг Мерсин шаҳрида 26 сентябрь куни соат 23:00 лар атрофида 3 нафар номаълум шахс полиция ходими сифатида идорага кирмоқчи бўлади. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларни тўхтатмочи бўлганида отишма юзага келади. Яна бир нафар теракт иштирокчиси бўлган аёл идорага бомба ўрнатилган машинада кирмоқчи бўлганида тўхтатиб қолинади. Маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида бир нафар полициячи ҳалок бўлган, яна бир нафари яраланган.

Foto: Haber Oku

Сешанба — 27 сентябрь

Қозоғистон президенти мамлакатга россияликлар «оқиб келаётгани» ҳақида гапирди

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатга кўплаб одамлар кириб келаётгани ҳақида гапириб, аввало қўшнилар билан яхши муносабатларни сақлаш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбари, Қозоғистонга кириб келаётганларга керакли ёрдам кўрсатилиши, бироқ ҳеч қандай устуворлик берилмаслигини маълум қилди.

Фото: AkordaPress

Медведев Украинага ядро қуроли билан таҳдид қилди

Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раҳбари Дмитрий Медведев НАТО вазиятга аралашмаслиги кераклиги ва зарур бўлса, Россия ядро қуролидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини таъкидлади. Медведев «Россияга хавф солаётган» ва «кенг кўламли босқинчилик ҳаракатларини олиб бораётган» Украинага қарши энг даҳшатли қуролни қўллашга мажбур бўлинса, НАТО бунга аралашмаслигига ишонишини айтган. Унинг фикрича, Ғарб учун «ҳеч кимга керак бўлмаган» ва «ҳалокатга учраган» Украинадан кўра Вашингтон, Лондон ва Брюсселнинг хавфсизлиги муҳимроқ.

Фото: Sputnik

Чоршанба — 28 сентябрь

АҚШ Россиянинг ядро қуролларини кузатишни кучайтирди

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россиянинг Украинага нисбатан ядро қуролини қўллаш эҳтимоли мавжудлиги боис Россия ядро қуролларини кузатиш кучайтирилганини маълум қилди. Таъкидланишича, бунинг учун тижорий сунъий йўдошдан фойдаланилмоқда. АҚШ разведка самолётлари Россиянинг икки хил мақсадли қурол тизимлари ва гипертовушли ракеталари жойлашган Калининград шаҳрини кузатган.

Фото: APA

Пайшанба — 29 сентябрь

Флорида қирғоқларига «Иен» тўфони ёпирилди

АҚШнинг Флорида штатига «Иен» тўфони ёпирилди. 28 сентябрь куни шамол тезлиги соатига 250 километргача етиб, энг юқори бешинчи даражани қайд этган. Тўфон оқибатида АҚШда ҳозирга қадар 77 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 73 нафари Флодира штатида эканлиги айтилмоқда. Флориданинг 2 миллион аҳолиси электр токисиз, 1,1 миллиони интернет ва wi fi’сиз қолган.

Кадр: CNN

Шунингдек, «Роскосмос» ва NASA’нинг келишувига асосан Халқаро космик станцияга учирилиши керак бўлган ракетанинг парвози кечиктирилган. Америка Қизил хоч ташкилоти 1300 дан ортиқ қутқарувчилар бешта штат бўйлаб ёрдам ишларини олиб бораётганини маълум қилган. Офат зарарини ўрганиш мақсадида Жо Байден ва биринчи хоним 3 октябрь куни Пуэрто Рикога, 5 октябрь куни Флоридага ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Жума — 30 сентябрь

Путин Киевни музокараларга чорлади

Россия президенти Владимир Путин Киевни ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар столига қайтишга чақирди. Бироқ бунда Донецк, Луганск, Херсон ва Запарожье аҳолисининг танлови муҳокама қилинмаслигини таъкидлади. Украина раҳбари Владимир Зеленский эса Путин ҳокимиятда экан, ҳеч қандай музокара ўтказилмаслигини айтган. Эслатиб ўтамиз, Украина ҳарбийлари 1 октябрь куни мамлакат шарқидаги яна бир шаҳар, Лиманни қайтариб олди.

Фото: Sputnik

Запорожьеда гуманитар ёрдам колоннаси ўққа тутилди

Украинанинг Запарожье ҳудудида гуманитар ёрдам колоннаси ўққа тутилди. Ракета зарбаси оқибатида 30 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди, яна 28 киши жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида 11 ёшли қиз ва 14 ёшли бола ҳам борлиги маълум қилинган. Уларнинг кўпчилиги Россия томонидан вақтинчалик эгаллаб олинган ҳудудлардан яқинларини олиб чиқиб кетиш ва уларга ёрдам кўрсатиш учун навбатда турган бўлгани айтилмоқда.

Фото: Telegram / «Запорожье новости»

Афғонистондаги мактабда портлаш содир этилди

Кобулнинг Даште Барчи туманидаги мактабда содир этилган портлаш оқибатида 32 киши ҳалок бўлди, 40 га яқин одам жароҳат олди. Қурбонларнинг аксар қисми қизлар эканлиги айтилмоқда. «Толибон» бу ҳодисада 19 киши ҳалок бўлгани ва 27 киши яраланганини эълон қилди. Шунингдек, ҳукумат ушбу уюштирилган ҳужумни катта террор деб баҳолаб, уни кескин қоралашини маълум қилди. Таъкидланишича, портлаш худкуш-террорчи томонидан содир этилган. Ҳозирча ҳеч бир ташкилот портлашни ўз зиммасига олмаган.

Фото: «Bugun.uz»

Шанба — 1 октябрь

АҚШ Россияга қарши янги санкциялар жорий қилди

АҚШ Россия Донецк ва Луганск Халқ Республикалари, шунингдек, Херсон ва Запарожье вилоятларини қўшиб олгани боис унга нисбатан янги санкциялар жорий қилди. Санкция қўлланганлар рўйхатидан Россия Давлат думаси ва Федерация кенгашининг қатор аъзолари, шунингдек, Москва мери Сергей Собянин, бош вазир Михаил Мишустин, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўрин олган. Ундан ташқари, бир қатор Россия корхоналари ва уларга боғлиқ шахсларга нисбатан ҳам санкциялар қўлланган.

Фото: «РИА Новости»

Россия АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги резолюция лойиҳасига вето қўйди

Россия АҚШнинг ДХР, ЛХР, Херсон ва Запарожьеда ўтказган «референдум»ларини қораловчи резолюциясига вето қўйди. Таъкидланишича, резолюция муаллифлари АҚШ ва Албания бўлган. Унда Россия Украина ҳудудида ўтказган «референдум»лари ҳеч қандай юридик кучга эга эмаслиги қайд этилиб, ушбу «ноқонуний референдумлар»ни қоралаш таклиф этилган. Шунингдек, Россияни Украина ҳудудидан ҳарбийларини олиб чиқиб кетишга чақирган. Резолюцияга Россиядан бошқа ҳеч бир давлат қарши овоз бермаган. Ўнта давлат уни қўллаб қувватлаган бўлса, Хитой ва яна учта давлат бетараф қолган.

Фото: «РИА Новости»

Ҳафта давомида содир бўлган асосий воқеалар шулардан иборат эди. Келаётган ҳафтада фақат яхши хабарлар ҳамроҳингиз бўлсин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

 

Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Янгиликлар14:14 | 26.11.22
Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Янгиликлар13:57 | 26.11.22
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Янгиликлар13:21 | 26.11.22
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
Янгиликлар12:49 | 26.11.22
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Янгиликлар12:26 | 26.11.22
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди
Янгиликлар12:13 | 26.11.22
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди