Навоийда мактаб фаоллар залида рақсга тушган қизларнинг ота-онасига белгиланган жарима бекор қилинди

Навоий вилояти Кармана туманидаги касб-ҳунар мактабининг фаоллар залида байрамга тайёргарлик жараёнида рақсга тушган қизларнинг ота-онасига белгиланган жарима ноқонуний ва у бекор қилинди. Бу ҳақда вилоят Адлия бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақс услублари Ўзбекистон жамиятидаги умумтарқалган маънавий қадриятларга тўла мос келмаслиги мумкин, лекин инсонларнинг аҳлоқий ўлчамлари ва қарашлари қонунлар билан белгиланган нормалардан нотўғри фойдаланишга олиб келмаслиги лозим.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши белгиланган тартибда жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Тарқалган видеороликдаги ҳатти-ҳаракатлар, хусусан, алоҳида бир ҳолатда қизлар даврасида рақс тушилиши «ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслиги» деб нотўғри ҳуқуқий квалификация қилинган, яъни ушбу ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмаслиги таъкидланган.

Республиканинг «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида» қонунига асосан:

  • боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади (4-модда);
  • ҳар бир бола эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга (10-модда).

Халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келувчи ушбу қонунда белгиланган кафолатлар ҳар бир бола учун мактаб ҳудуди бўладими, шахсий уй-жой бўладими, ҳар қандай ҳолатда таъминланиши шарт.

Бундан ташқари, ота-оналарнинг эътирозларига кўра, лавҳа расмий манбалар ва марказий телеканаллар орқали ёритилиш жараёнида мактаб ўқувчилари ҳамда ота-оналар интервью бериш юзасидан босим остида қолган. Оқибатда, вояга етмаган болалар ўз тенгдошлари, мактаб маъмурияти, ота-оналари ва кенг жамоатчилик олдида сазойи қилинган.

«Бу ҳаракатлар вояга етмаганларнинг соғлиғи ва саломатлигига, руҳий барқарорлигига ўта жиддий таъсир қилган ва болаларнинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланишига олиб келган. Энг асосийси вояга етмаганларга нисбатан бундай ҳаракатлар ноқонуний ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Юқоридаги қонунга асосан, бола фикрлаш эркинлиги ҳуқуқига эга (17-модда), инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тақиқланади (16-модда).

Мазкур масалада баъзи бир ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ҳамда телевидение орқали берилган интервьюларда мактаб маъмурияти раҳбари ва айрим ўқитувчиларига нисбатан «ҳайфсан» ва «жарима» интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ва улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги баён этилган.

Ушбу ҳолат ҳам адлия органлари томонидан ўрганилганда мактабнинг ҳеч бир ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги маълум бўлди. Бугунги кунда адлия органлари томонидан мактаб маъмурияти ва ўқитувчига нисбатан қўлланилган интизомий жазо чораларининг қонунийлиги ҳолати алоҳида ўрганилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 142-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ички ишлар ходимлари иштирокида ўқувчилар билан ўтказилган одоб-ахлоққа оид суҳбат нотўғри талқин қилингани ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ Халқ таълим бош бошқармаси ҳолатга муносабат билдириб, ўқувчиларига совуқ қурол, жумладан ўткир тиғли буюмларни олиб юриш тақиқланганлиги, канселярия қайчисини дарсда фойдаланиш учун ғилофда, сумкада олиб юриш мумкинлиги тушунтирилганини маълум қилган.

ФВВ ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарларини огоҳлантирди
Янгиликлар13:11 | 6.12.22
ФВВ ташкилот, корхона ва муассасаларнинг раҳбарларини огоҳлантирди
«‘Заправка’ларда барча маркадаги бензинлар етарли ва уларнинг нархи оширилмаган» — Энергетика вазирлиги
Янгиликлар12:41 | 6.12.22
«‘Заправка’ларда барча маркадаги бензинлар етарли ва уларнинг нархи оширилмаган» — Энергетика вазирлиги
Тошкентда 5 декабрь куни қанча одам метродан фойдалангани маълум бўлди
Янгиликлар12:06 | 6.12.22
Тошкентда 5 декабрь куни қанча одам метродан фойдалангани маълум бўлди
Ўзбекистонда ИИВ ходимлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди
Янгиликлар11:32 | 6.12.22
Ўзбекистонда ИИВ ходимлари кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган куни билан табриклади
Янгиликлар11:09 | 6.12.22
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентини туғилган куни билан табриклади
Ўзбекистон ва Қирғизистон паспорт назоратини осонлаштиради
Янгиликлар10:40 | 6.12.22
Ўзбекистон ва Қирғизистон паспорт назоратини осонлаштиради