
Тошкентдаги айрим ҳудудлар электр таминотисиз қолди
Тошкент шаҳри Яшнобод туманининг бази ҳудудларида 2 октябрь куни вақтинча электр таъминотидан узилишлар юзага келди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси акциядорлик жамияти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2 октябрь куни туман ҳудудида жойлашган юқори кучланишли «Ҳосилот» подстанциясининг қуввати 10 киловатт бўлган қисмида авария ҳолатида электр энергиясидан узилиш содир бўлган.
Оқибатда Авиасозлар мавзесининг 3 ҳамда 4-даҳаларида, 58-сонли Харбийлар шаҳарчаси, Янгиобод мавзеси, Асалобод ҳамда Дубовая кўчаларидаги аҳоли яшаш хонадонларида электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлган.
Мазкур носозлик тўлиқ назоратга олиниб, юзага келган аварияни бартараф этиш ишларига киришилган. Жумладан, жамиятнинг тегишли бўлим, хизматлари, тезкор аварияни бартараф этиш бригадалари томонидан электр узатиш тармоғини кўрикдан ўтказиш ва носозликни бартараф этиш ишлари бошлангани таькидланган.
Ҳудуддаги барча бригадалар зарур ҳимоя воситалари, зарур электр қурилмалари ҳамда махсус автотранспорт воситалари билан жиҳозланган. Тез орада юзага келган носозлик тўлиқ бартараф этилиб, тармоқ орқали электр энергияси етказиб берилиши бошланиши маълум қилинган.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-июль ойларида элекетр энергиясини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари қисқаргани айтилган хабарларни рад этганди.
