Бугун оқшоми. Венгрияга борган Президент, собиқ ҳокимга ёзилган мукофот пули, Тошкентда синовдан ўтаётган янги радар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Янги ҳафтанинг илк куни ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. Қуйида 3 октябрь санасида рўй берган энг муҳим воқеалар баёни билан танишишингиз мумкин.

Шавкат Мирзиёев Венгрияга жўнаб кетди

Бугун, 3 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия томонининг таклифига биноан ушбу давлатга расмий ташриф билан жўнаб кетди. Ташриф дастурига мувофиқ, Будапешт шаҳрида Венгрия президенти Каталина Новак билан учрашув ва бош вазир Виктор Орбан билан музокаралар режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Асака туманининг вазифасидан олинган ҳокимига мукофот пули ёзилгани аниқланди

Асака туманининг 27 сентябрда Сардор Умурзоқов томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ишдан олиниб, залдан «кузатиб қўйилган» ҳокими Мансур Алихоновга 3 кун ўтиб, 30 сентябрда мукофот пули ёзилгани аниқланди. Маълум қилинишича, собиқ ҳокимга 2022 йил III чорак якунлари бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида ҳамда штатлар жадвалида белгиланган моддий рағбатлантириш фонди ҳисобидан 45 фоиз миқдорида мукофот пуллари тўланиши белгиланган.

Фото: Асака тумани ҳокимлиги

Эслатиб ўтамиз, Мансур Алихонов ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

Ички ишлар вазирлиги ходими ўлдириб кетилди

Ички ишлар вазирлиги ходими 29 сентябрь куни ўлдириб кетилди. Маълум қилинишича, вазирликда бошқарма тезкор вакили лавозимида ишлаган ходим ўзаро келишмовчилик оқибатида икки киши томонидан қасддан ўлдирилиб, жасади Чирчиқ дарёсига ташлаб юборилган. Жиноят бўйича гумон қилинган шахслар процессуал тартибда ушланган.

Фото: «Bugun.uz»

Радар ёки хатар?

Тошкент шаҳрида янги радар синовдан ўтказилмоқда. Таъкидланишича, шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасини рақамлаштириш бўйича Австрия корхонаси таклифи ўрганилмоқда. Корхонага тегишли интеллектуал фото, видеони қайд этиш камералари йўллардаги бир қанча қоидабузарликларни қайд этиш имкониятига эга.

Кадр: Telegram

Бухорода ўғил онасини пичоқлаб ўлдирди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 29 ёшли ўғил уйга бегона эркакларни олиб келмаслик масаласида 51 ёшли онаси билан жанжаллашиб қолиб, унга пичоқ билан 3 марта зарба бериб ўлдирди. Ҳозирда айбланувчи процессуал тартибда ушланган.

Фото: «Bugun.uz»

IT-Park анжуманига 819 миллион сўм сарфланганига муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда 24 июль куни ўтказилган IT-Park Rewind—2022 тадбирига 819 миллион сўм сарфлангани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов бунга муносабат билдириб, «2017 йилгача расман йўқ бўлган» IT соҳаси бу йил 100 миллион доллардан ортиқ расмий экспортга эришиши кутилаётганини таъкидлади.

Фото: «Bugun.uz»

Унинг созъларига кўра, IT-Park жамоси тўғри ишлагани сабабли бугун IT соҳасида меҳнат қилаётганлар сони анъанавий алоқа соҳасидагиларникидан ошган. Шунингдек, вазир «тадбирни пулига қанча талабани ўқитиш мумкин эди-я?!», деган иддаоларга жавобан, тадбир ўтказиш учун кетган маблағга 7 нафар талабани Inha’да 4 йил ўқитиш мумкин бўлишини айтган.

«Хуллас, ёки IT-Park фаолиятига энди катта-катта компаниялар ишониб, Ўзбекистонга аутсорсни кўпайтириб турган вақтда унга халақит қилмасдан келгуси катта марра экспортни 1 миллиард долларга олиб чиқиш устида биргаликда ишлашимиз керак ёки майда ғийбат гаплар билан уларни ҳам қўлини совутиб, Ўзбекистонни IT аутсорсинг хабига айлантириш фикридан воз кечишимиз керак», — дея таъкидлайди АКТ вазири.

Андижонда эркак аёли, қайнонаси ва қайниукасини пичоқлаб ўлдирди

Андижон вилояти Избоскан туманида эркак аёли, қайнонаси ва қайниукасига пичоқ билан тан жароҳати етказди. Аёли ва қайнонаси воқеа жойида ҳалок бўлган. Қайниукаси эса шифохонада вафот этган.

Фото: «Bugun.uz»

Тошкентда квартиралар ижара ҳақи икки баравар қимматлашди

Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилганидан сўнг Россиядан минглаб фуқаролар чиқиб кетишни бошлагани ҳақида олдин хабар берилган эди. Россияни тарк этаётганларнинг аксари Ўзбекистон ҳудудига ҳам кириб келмоқда. Бунинг ортидан Тошкент шаҳрида олдин 300-450 доллар бўлган 1-2 хонали квартираларнинг ижара нархи 600 дан 1000-1500 долларга кўтарилгани маъум қилинди. Квартира ижараси билан шуғулланувчи агентлик маълумотига кўра, уларга 2 мингдан ортиқ россияликка уй топиш бўйича мурожаат келиб тушган. Компания ҳатто хусусий риелторга мурожаат қилишга ҳам мажбур бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳ тақиқланиши мумкин

Ўзбекистонда қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳга тақиқ қўйилиши мумкин. Бу бўйича қонун лойиҳаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланди. Маълумот учун, 2021 йилнинг июль-декабрь ойлари ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қариндошлар ўртасидаги никоҳ бўйича 1210 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон ўз ихтиросини Европа Иттифоқида патентлади

Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институти ходимлари барча турдаги пўлат, титан ва уларнинг қотишмаларини пайвандлаш учун мўлжалланган фаоллаштирувчи флюсларнинг 12 та маркасини ишлаб чиқди. Флюсларни ишлаб чиқариш технологияси ва таркиби Европа Иттифоқида патентланган. Флюслар, шунингдек, қалинлиги 4 миллиметр ёки ундан кўп бўлган никель асосидаги қотишмаларни ишлаб чиқаришга имкон беради.

Фото: Wikipedia

Шунингдек, улар саноат ва савдо объектларини қуришда қўлланилиши мумкин. Ихтиро 1 метрлик металлни пайвандлаш нархини 14 доллардан 20 долларгача камайтириши, шу билан бирга, пайвандлаш вақтини эса кескин қисқартириши кутилмоқда — 70 фоизгача.

Дунёда нима гап?

Арманистон ҳукумати Озарбайжонни асирликдаги ҳарбийларни отиб ташлашда айблади

Куни кеча, 2 октябрь куни ижтимоий тармоқларда тиз чўкиб турган ҳарбийларнинг бошқа ҳарбийлар томонидан отиб ташлангани акс этган тасвирлар тарқалганди. Арманистон ҳукумати бу воқеа 13 сентябрда содир бўлганини таъкидлаб, Озарбайжонни асирликдаги ҳарбийларни ўлдиришда айблади. Озарбайжон томони эса видеоининг ҳақиқийлиги текширилаётганини маълум қилди.

Фото: The Insider

Бугуннинг асосий воқеалари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг

Тошкентда ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирган блогер янги видеомурожаат йўллади — видео
Янгиликлар18:03 | 3.12.22
Тошкентда ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирган блогер янги видеомурожаат йўллади — видео
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Янгиликлар17:02 | 3.12.22
Ўзбекистонда ҳар йили 200 млн кўчат экилиб, шаҳарлардаги яшил майдонлар оширилади
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Янгиликлар16:29 | 3.12.22
Президент маслаҳатчиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон аҳолиси муаммоларини ўрганди
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Янгиликлар16:18 | 3.12.22
Россияда Ўзбекистон фуқароси 2 кг героин билан қўлга олинди — видео
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Спорт15:08 | 3.12.22
Пелега ўткир респиратор инфекция ташхиси қўйилди
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди
Янгиликлар14:21 | 3.12.22
Қирғизистон ва Тожикистон чегара туманларидаги қишлоқлар ўртасида тўқнашув юз берди