13:24 | 03.10.22 262

Навоийда самосвалнинг ёниши оқибатида 31 ёшли ҳайдовчи ҳалок бўлди

Ёнғин чиққан «Белаз» комбинатга тоғ жинсларини ташиш билан шуғулланган

Навоий вилояти прокуратураси Навоий кон-металлурига комбинатининг «Белаз» ҳайдовчиси куйиш жароҳатлари оқибатида ҳалок бўлгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Аниқланишича, 28 сентябрь куни соат 17:00 ларда Навоий кон-металлургия комбитати акциядорлик жамияти тасарруфида бўлган Марказий кон бошқармасига қарашли Автомобиль транспорти бошқармасида ҳайдовчи бўлиб ишловчи 31 ёшли Й.Ш «Ауминзо-Амантой» кони ҳудудида ўзиги бириктирилган «Белаз»да тоғ жинсларини ташиш вақтида, автосамосвалнинг олд чап ғилдирак шинаси ёрилиши натижасида ёнғин келиб чиққан.

Оқибатда ёнғин автосомасвал кабинасига ҳам ўтиб, ҳайдовчи Й.Ш. куйиш тан-жароҳати олган ва унга Зарафшон шаҳрида жойлашган Тиббий санитария қисмида тиббий ёрдам кўрсатилган. Сўнгра у Бухоро шаҳрида жойлашган РШТЁИМга олиб келинган. Бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, Й.Ш. 30 сентябрь куни шифохонада вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги 2-сон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, судга оид тиббий ва комиссион экспертизалар тайинланган.

Аввалроқ Тошкентда «Mercedes-Benz» автобусида ёнғин чиққани, Тошкентдаги кўп қаватли уйда рўй берган ёнғинда бир киши ҳалок бўлгани, Намангандаги «заправка»да «Зил»да ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.