Ўзбекистонда давлат чегарасини кесиб ўтишда транспорт ва товарлар устидан назорат кучайтирилди
Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори имзоланди
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ‘Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида’ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори имзоланди. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар берди.
Унга кўра, ҳужжат билан қарорнинг айрим атамаларига аниқлик киритилиб, янги атамалар билан тўлдирилмоқда. Мисол учун, «чегара кўриги» — бу ДХХнинг Чегара қўшинлари бўлинмалари томонидан транспорт воситалари ва товарларда назоратдан яширинган шахслар ёки давлат чегараси орқали олиб ўтиш тақиқланган товарларни аниқлаш бўйича амалга ошириладиган комплекс тадбирлар мажмуи.
Шунингдек, давлат чегарасини кесиб ўтаётган автотранспорт воситалари ва товарларни кўрикдан ўтказиш божхона органлари ва чегара хизмати вакилларидан иборат қўшма нарядлар томонидан амалга оширилади.
Мазкур ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2022 йил 30 сентябрдан кучга кирди.