Бугун оқшоми. Бекор қилинган ягона мактаб формаси, Чирчиқдаги портлаш, Японияга учирилган баллистик ракета

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкент вилоятидаги заводда портлаш (чақнаш) содир бўлди

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги «Максам Чирчиқ» заводида бугун, 4 октябрь куни соат 08:30 ларда портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида заводдаги ишчилардан икки нафари жароҳат олиб шифохонага жўнатилган. Келиб чиққан ёнғин соат 10:00 ларга бориб бартараф этилган. Воқеа жойига бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов етиб борган. Энергетика вазири раислигида ҳукумат комиссияси тузилиб, портлаш сабаблари ўрганилаётгани маълум қилинган.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам ҳодисага ўз муносабатларини билдириб ўтди. Хусусан, блогер Муҳрим Аъзамхўжаев Telegram’даги саҳифасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг воқеа бўйича берган маълумотига ҳавола бериб, «Айтишларича, Чирчиқда чақнаш содир бўлибди. Портлаш эмас, чақнаш. Худди икки ярим йил аввал Сардоба сув омборидан сув ёриб-тошиб эмас, сизиб чиққанидек», дея пост қолдирган.

Tentakminds Telegram канали администратори портлаш содир бўлгани акс этган видеони ўз саҳифасида улашиб, «чақнаш» кучидан деразалар ҳам ларзага келганини ёзган.

Kompromatuzb Telegram канали эса заводдаги ёнғин ўчирилганини айтиб, «Максам Чирчиқ»да содир бўлган талон-торожликлар ортидан очилган жиноят иши нима бўлганига қизиққан. Шунингдек, пост муаллифи бу ёнғиннинг жиноят ишига алоқаси йўқ деб умид қилишини айтиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев Венгрия президенти билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев Венгрияга расмий ташрифи давомида бугун мамлакат раҳбари Каталин Новак билан учрашди. Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Венгрия ва Ўзбекистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этишга келишиб олинди. 3 октябрь куни ўтган Ўзбекистон—Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани эьтироф этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкентдан Самарқандга қатновчи Afrosiyob поезди энди Даштободда ҳам тўхтайди

Тошкент—Самарқанд—Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи Afrosiyob тезюрар поезди 17 октябрдан бошлаб Зомин туманидаги Даштобод шаҳрида ҳам тўхтаб ўтади. Шу мақсадда Даштобод бекатида йўловчилар учун кутиш зали ва чиптахона ташкил этилади.

Фото: «Bugun.uz»

Ягона мактаб формасини жорий этиш талаби бекор қилинди

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ягона мактаб формаси мавзуси расман ёпилди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун тасдиқланган шакллардаги ягона мактаб формасини жорий этиш талаби бекор қилинди. Эслатиб ўтамиз, ягона мактаб формасини жорий этиш таклифи илк бор 2017 йилнинг августида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилганди.

Фото: Review.uz

Дунёда нима гап?

Шимолий Корея Япония томон баллистик ракета учирди

Шимолий Корея ракетаси беш йил ичида илк бор Япония ҳаво ҳудудини кесиб ўтди. Таъкидланишича, ракета 4,5 минг километр узоқликка учиб, ҳавода 20 дақиқа парвоз қилган. Япония шимолий ҳудудларида сиреналар янграб, аҳолидан бино ичига кириш ёки ер остига тушиш сўралган. Ракета Япония шарқий соҳилидан 3 минг километр узоқликка, Тинч океанига бориб тушган.

Фото: The Times

Россия Украинага Суриядаги қўшинларини жалб этаётгани маълум бўлди

Украина Қуролли Кучлари Бош штаби кунлик ҳисоботида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга Россиянинг Суриядаги қўшинлари ҳамда Сибирдаги «Росгвардия» ходимлари жалб этилаётгани ҳақида маълум қилди. Шунингдек, маълумотларига кўра, Твердаги ҳаво-космик мудофаа академияси ўқитувчилари урушга жалб этилгани боис айрим курсларда ўқиш тўхтатилган.

Фото: «Pravda.ua»

Ҳисоботда айтилишича, Украина мудофаачилари бир сутка ичида бир нечта ҳужумларни қайтарган. Украина авиацияси учта таянч аҳоли пунктини, қурол ва ҳарбий техника тўпланган 16 та ҳудудни ишғол этган, шунингдек, Россия Қуролли Кучларининг учта зенит-ракета комплексини йўқ қилган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари иккита учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратини уриб туширган.

Эслатиб ўтамиз, Украинанинг тўртта ҳудудида ўтказилган референдумлардан сўнг Россия президенти Владимир Путин Киевни музокараларга қайтишга ва ўт очишни тўхтатишга чақирган эди. Украина президенти Зеленский эса бу вақтда Владимир Путин Россия президенти экан, ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаслиги белгиланган фармонни имзолади.

Илон Маск Қримни Россияга расман беришни таклиф қилди

Илон Маск Украина учун тинчлик режасини тақдим қилди. Унга кўра Украинада тинчликка эришиш учун Украинанинг босиб олинган ҳудудларида БМТ вакиллари назоратида қайта овоз бериш ўтказилади, агар аҳолининг талаби Украина бўлса, Россия мамлакатни тарк этади.

Фото: AP Photo

Шунингдек, унинг фикрига кўра, тинчликка эришиш учун Қрим расман Россияга берилиши керак. Маск буни Қрим 1783 йилдан бошлаб «Брежнев хатосига қадар» Россия таркибида бўлиб келгани билан изоҳлайди. У таклиф қилган дастурда Қрим сув таъминоти кафолатланиши ва Украинанинг нейтрал давлат бўлиб қолиши ҳам қайд этилган. Миллиардер тинчлик дастурини эълон қилганидан сўнг Tesla акциялари қиймати 9 фоизга пастлаган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг

Молдованинг Украина билан чегарадош ҳудудига ракета келиб тушди
Янгиликлар20:13 | 5.12.22
Молдованинг Украина билан чегарадош ҳудудига ракета келиб тушди
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Янгиликлар19:41 | 5.12.22
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда