Афғонистонда Толибон ички ишлар вазирлигига тегишли масжидда портлаш содир бўлди — видео
Кобулнинг 15 мавзесидаги Толибон ички ишлар вазирлигига тегишли масжидда портлаш содир бўлди. Бу ҳақда «Bugun.uz»нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, портлаш намоз вақтида содир этилган. Толибон расмийлари ҳам масжидда портлаш содир бўлганини тасдиқлади. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Нофи Такурнинг айтишича, вазирликнинг баъзи ходимлари бу масжидда намоз ўқиётганда ҳодиса юз берган.
Портлашдан сўнг 20 киши шифохонага ётқизилган ва улардан икки нафари етиб борганида вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда 2 сентябрь куни жума намози пайтида масжид портлатилганди. Оқибатда «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватловчи баёнотлари билан танилган масжид хатиби Мужиб ар-Раҳмон Ансорий ҳалок бўлган.
Кейинчалик Ҳирот губернаторлиги матбуот хизмати Мужиб ар-Раҳмон Ансорий ва яна 6 кишининг ҳалок бўлганини расман тасдиқлаган. Полиция эса ҳужум қурбонлари сони 29 кишига етганини таъкидлаган.
Ўзбекистон Ҳиротда жума намози пайтида содир этилган террорчилик ҳаракатини қоралаган.