Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини маънавий тарбиялаш йўлга қўйилади
Шунингдек, мактаб формасини тўлиқ жорий қилиш талаби расман бекор қилинади
Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини маънавий тарбиялаш концепцияси тасдиқланди. Бу ҳақда «Norma.uz» хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 3 октябрдаги «Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 558-сон қарори қабул қилинган.
Концепция Президентнинг «Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 11 майдаги 241-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва қуйидагиларни назарда тутади:
- мактаб таълимини умуммиллий ҳаракатга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни мазмунан янги босқичга кўтариш;
- мактаб ўқувчиларининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, маънавий куч ва миллий истеъдодларни сақлаш;
- ҳарбий ватанпарварлик ҳамда буюк аждодлар жасоратини тарғиб этиш, ўрганиш;
- узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш;
ўқувчиларни замонавий билим ва тажриба, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш жараёнида мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш.
Шунингдек, ҳужжат билан Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш юзасидан «йўл харитаси» ҳам тасдиқланган.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар учун тасдиқланган шакллардаги ягона мактаб формасини тўлиқ жорий этиш талаби бекор қилинади. Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4 октябрдан кучга кирган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ягона мактаб формасини жорий этиш талаби бекор қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар учун ҳукумат қарори билан тасдиқланган мактаб формаси тўлиқ жорий этилиши ҳақида хабар берилган. 10 августдан ҳар бир туман (шаҳар)да мактаб формаси ишлаб чиқувчиларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.