Ўзбекистонда уй-жой шартномалари Қурилиш вазирлиги рўйхатидан ўтказилади
Вазирлик ходими рўйхатдан ўтказилмаган хонадонлар билан муаммолар кузатилишини айтган
Ўзбекистонда уй-жой шартномалари Қурилиш вазирлиги рўйхатидан ўтказилади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида хабар берилди.
Қайд этилишича, 5 октябрь куни АОКАда Қурилиш вазирлиги мутасаддилари иштирокида хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган уй-жойларни сотиб олишда харидорларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилган.
Анжуман доирасида Вазирлик мутассадилари уй-жой шартномаларини вазирлик рўйхатидан ўтказишни сўраган. Бу қурувчи ташкилотлар ва харидорлар ўртасидаги муаммоларни кескин камайтириши маълум қилинган.
Мутасаддиларга кўра, қурилиш ташкилоти ва фуқаро ўртасидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш чоғида пудратчининг имкониятлари ва ҳужжатлари кўриб чиқилади. Бу эса келгусидаги муаммоларни камайтиради.
«Ҳар бир шартнома вазирликдан рўйхатдан ўтиши керак. Фуқаролар бунга совуққонлик билан қарашмоқда ва бу турли муаммоларни келтириб чиқармоқда. Яқинда сайтимизда ипотека шартмасининг намунавий шаклини жойлаштирамиз. Унда қурувчиларнинг асосий мажбуриятлари кўрсатилган бўлади.
Шартномаларнинг рўйхатдан ўтказилиши бино қонуний тартибда қуриляптими-йўқми, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганми, экология билан боғлиқ муаммолар йўқми деган масалалар ҳал бўлган ҳолатда рўйхатдан ўтказилади», — деган вазирлик масъул ходими.
Аввалроқ «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилингани тўғрисида хабар берилганди. Ҳужжат билан ҳоким ва прокурорларнинг ер участкасини тортиб олиш ваколатлари бекор қилинди.