Чирчиқдаги корхонада юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Портлаш оқибатида заводнинг икки нафар ходими жароҳатланганди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган корхонада юз берган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда «Daryo.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, 4 октябрь куни Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Mеҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Maxam-Chirchiq» акциядорлик жамияти корхонаси ишлаб чиқариш цехининг синтез колоннасида портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Чирчиқдаги заводда содир бўлган портлаш бўйича бош вазир ўринбосари раҳбарлигида ҳукумат комиссияси тузилгани ҳамда айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги шифохонада, портлаши оқибатида жароҳатланган ходимлар аҳволи маълум қилинганди. Шунингдек, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишловчи аёл устига бензин сепиб, ёқиб юборгани, Тошкент механика заводида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.