Ўзбекистонда 3,2 мингдан ортиқ рақобатга зид қарорлар бекор қилинди
Ўзбекистондаги давлат идоралари, маҳаллий ҳокимият органларининг 3,2 мингдан ортиқ рақобатга зид қарорлари бекор қилинди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари маълум қилди.
Фарруҳ Қорабоевнинг сўзларига кўра, 2021-2022 йиллар давомида давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш бўйича жами 45 та мурожаатнинг 33 фоизи қўмита томонидан рад этилган.
Давлат иштирокидаги корхоналарга асосий фаолиятидан хос бўлмаган қўшимча фаолият билан шуғулланиш ва бошқа корхоналарда улушга эга бўлишга тақиқ ўрнатилган. Натижада, давлат иштирокидаги корхоналар сони сўнгги икки йилда қарийб 3 мингдан 2,1 мингтагача (30 фоизга) қисқарган.
«Монополь корхоналар сони сўнгги 5 йилда 20 фоизга камайди ва бугунги кунда 90 тани ташкил этмоқда. Ҳозирга қадар 1100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг рақобатга таъсири баҳоланган, шундан қарийб 65 фоизида рақобатга зид нормалар мавжуд экани аниқланган», дейилади хабарда.
Монополиялар, шу жумладан, табиий монополияларнинг 6,7 мингдан ортиқ турли рақобатга зид ҳаракатлари бартараф этилган, натижада 42 мингга яқин тадбиркорнинг 554 миллиард сўмлик манфаатлари ҳимоя қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ҳокимликларнинг қурилишга рухсат бериш ваколати бутунлай бекор қилиниши, Антимонополия қўмитаси «буханка» нон нархи бўйича тезкор ўрганиш ўтказгани, газ қуйиш шохобчаларида нарх ошганига муносабат билдиргани тўғрисида хабар берилганди.