Сенат «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи мажлисида сенаторлар «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Қайд этилишича, амалдаги қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига ва стандартлаштириш соҳасидаги халқаро ҳужжатларга мазмунан тўғри келмайди. Қонун 31 та моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади стандартлаштириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.

Қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис хорижий тажрибаларга таянган ҳолда «миллий стандарт» тушунчасига ўзгартирилмоқда. Чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши белгиланмоқда.

Жаҳон Савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириб бориши ҳамда рақобатбардошлилигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилади.

Қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистонда қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.

Шунингдек, стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган «дастлабки стандарт»ни (ДС — Дастлабки Стандарт) қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган — Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда.

«Қолаверса, стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмоқда. Жумладан, стандартлаштириш ишларини режалаштириш, стандартлар ахборот базасини яратиш ва юритиш, стандартларни қўллаш, нашр қилиш ва тарқатиш, Стандартлаштириш соҳасидаги низоларни ҳал қилиш тартиби, яъни Апелляция комиссиясини тузиш белгиланмоқда», дейилади хабарда.

Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига замонавий ва хорижий стандартлар асосида ўз маҳсулотлари ва товарларини ишлаб чиқишда ҳамда хизматлар кўрсатишда қулайликлар яратиб беради. Бу аҳолига сифатли маҳсулотлар ва хизматлар кўрсатишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2021 йилда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология миллий тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишганди. 2022 йилнинг июнида эса Президент стандартлаштириш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш бўйича тақдимот билан танишганди.

Самарқандда ўзаро жанжал ўлим билан тугагани айтилмоқда — видео
Медиа, Янгиликлар13:53 | 27.11.22
Самарқандда ўзаро жанжал ўлим билан тугагани айтилмоқда — видео
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Медиа, Янгиликлар12:54 | 27.11.22
Ўзбекистонда кирилл ёки лотин алифбосига тўлиқ ўтишга нима халақит бермоқда?
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Янгиликлар11:27 | 27.11.22
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишлар сони яна ошди
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Медиа, Янгиликлар10:46 | 27.11.22
Андижондаги ЙТҲ юзасидан қўшимча маълумот берилди
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Медиа, Спорт9:23 | 27.11.22
Баҳодир Жалолов америкалик рақибини 4-раундда нокаутга учратиб, ғалаба қозонди
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди
Янгиликлар9:02 | 27.11.22
Фарғонада аёл ИИБ биноси олдида ўзини ёқмоқчи бўлди