Бугун оқшоми. Россияда ўзбекистонликлар иштирокидаги «ишкал», стол-стулларсиз дарс ўтилаётган мактаб, Қрим кўпригидаги портлаш

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Россияда ўзбекистонлик мигрантлар иштирокида жанжал содир бўлди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри жанубида ўзбекистонлик мигрантлар иштирокида жанжал содир бўлди. Таъкидланишича, ўзаро тўқнашувда ўқотар қуролдан ҳам фойдаланилган. Жанжал оқибатида 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси бошидан жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Гумонланувчи сифатида эса Туркманистон, Арманистон ва Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинган.

Кадр: Telegram

Андижондаги мактабда дарслар стол-стулсиз хонада ўтилаётгани хабар қилинди ёхуд 29-мактаблар трендда

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятидаги мактаблардан бирида дарслар стол-стулларсиз хонада ўтилаётгани тасвирланган видео тарқалди. Таъкидланишича, видеода Асака туманидаги 29-мактаб тасвирланган. Туман халқ таълим бўлими берган муносабатда 28-сонли мактаб таъмирланаётгани ва шунинг учун ушбу мактабнинг 428 нафар юқори синф ўқувчилари вақтинчалик 3,5 километр узоқликдаги 29-мактабга кўчирилгани хабар қилинган. Шунингдек, ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус автобус ҳам ташкил қилиб берилган.

Кадр: Telegram

Видео эса 28-мактаб ўқувчиларига дарс машғулотлари тугаганидан сўнг тўгарак ўтилаётган вақтда, хонада парталар алмашиниш жараёнида тасвирга олингани учун хонада керакли жиҳозлар йўқдек туюлиб қолгани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, Наманган вилояти Косонсой туманидаги 29-мактабда ўқувчилар ўқитувчисини калтаклагани акс этган видеолар ҳам тармоқда анчайин шовшув бўлганди.

Тошкентда тўртта машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди

Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўлида 6 октябрь куни тахминан соат 13:30 ларда 4 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Таъкидланишича ҳодиса Nexia-3 ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмай, қарама-қарши йўналишга ўтиб ҳаракатлангани оқибатида содир бўлган. Ҳодиса оқибатида Спарк автомобили ҳайдовчиси ва 9 ёшли йўловчиси жароҳат олиб шифохонага ётқизилган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Фарғонада ЙПХ ходимлари фаолиятига аралашган ака-ука 15 суткага қамалди

Фарғона шаҳрида мультирадар билан хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимининг ишига халал берган ака-ука 15 суткага қамалди. Таъкидланишича, улар хизмат вазифасини бажараётган ходимнинг ёнига келиб, ҳеч қандай сабабсиз унинг ишига аралашган. Ака-укаларнинг «Пагонингиз ҳам йўқ-ку, бу ерда ўтирибсиз?.. Латта пагонми бу!? Мен фуқароман, сен хизматкорсан, ишдан ҳам бўшатиб юбораман», — деган сўзлари охир-оқибат уларни 15 суткалик маъмурий қамоққа етаклаган.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Тошкентнинг Беруний кўчаси бир қисми тўрт кунга ёпилди

Йўл таъмирлаш ишлари сабабли 8 октябрь соат 09:00 дан 12 октябрь соат 00:00 гача Беруний шоҳ кўчасининг Самарқанд дарвоза ва Навоий шоҳ кўчалари билан кесишмасидан Лайлитўғон ҳамда Сиқичмон кўчалари билан кесишмасигача бўлган оралиғидаги қисми — икки томонлама йўл қисман ёпилди.

Фото: «Bugun.uz»

Дунёда нима гап?

Қрим кўприги портла(тил)ди ёхуд «Путиннинг юбилейига қайноқ ‘совға’»

Қрим яриморолини Россия билан боғлайдиган стратегик аҳамиятга эга бўлган кўприк портлади. Бугун соат 06:05 да Керч бўғози устидан ўтган кўприкда юк машинаси портлаши оқибатида кўприкдан ўтаётган ёнилғи ташийдиган поезднинг цистернасида ёнғин келиб чиққан. Кўприкдаги автомобиль ҳаракати тўхтаб қолган. Бўғоз бўйлаб кемалар ҳаракати тўхтатилмагани хабар қилинган. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлган. Улардан икки нафар эркак ва аёлнинг жасади сувдан олиб чиқилган. Таъкидланишича, портлаган юк машинасининг эгаси Краснодар ўлкасида яшовчи фуқаро бўлиб, унинг яшаш жойида тергов ҳаракатлари бошланган.

Фото: Twitter

Украина президенти Зеленский офиси эса кўприк портлашига муносабат билдириб, буларнинг барчаси «бошланиши» ва «ноқонуний ҳар бир нарса йўқ қилиниши керак»лигини айтган.

19 километр узунликдаги Қрим кўприги бу жиҳати бўйича Россияда тенгсиз ҳисобланади. Унинг қурилиши 2016—2019 йилларда амалга оширилган бўлиб, умумий сарфланган маблағ 3,7 миллиард долларни ташкил қилган. Кўприкнинг стратегик аҳамияти жуда юқори. Шунинг учун бугунги воқеа ижтимоий тармоқларни ҳам «портлатди».

Фото: Twitter

Хусусан, россиялик блогер Илья Варламов бунга нисбатан муносабат билдирар экан, «Владимир Путиннинг туғилган кунидан бир кун ўтиб Украина унга қайноқ совға тайёрлади», дея пост қолдирди.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам портлаш кенг муҳокама қилинди. Жумладан, блогер Зафарберк Солижонов Telegram’даги каналида Михаил Подолякнинг сўзларидан иқтибос келтириб, «Қримга ҳужум бўлса, ‘қиёмат’ бошланишини ваъда қилган Медведов энди нима деркин?», — деб фикр билдирган.

Telegram’даги «Файзбоғуз» канали эса кўприк портлашига оид турли изоҳлар жамланган пост тақдим этган.

Журналист ва блогер Элдар Асанов шахсий блогида воқеага нисбатан «Мана энди украинлар ‘красная линия’дан ўтди! Мана энди Россия ҳақиқий уруш қилишни бошлайди», — дея изоҳ билдирган.

Фируз Аллаев эса Қрим кўпригининг стратегик ва рамзий аҳамиятига эътибор қаратиб, бу воқеа нафақат стратегик ва молиявий, балки руҳий жиҳатдан ҳам Россия ва унинг армияси зарарига ишлаши мумкинлиги ҳақида ёзган.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди. Бугунда қолинг. «Бугун» билан яшанг.

Тошкентда хусусий боғча ёнди
Янгиликлар9:13 | 4.12.22
Тошкентда хусусий боғча ёнди
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Янгиликлар8:14 | 4.12.22
Ўзбекистон 2022 йилда рекорд даражада кўп тарвуз экспорт қилди
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Янгиликлар7:31 | 4.12.22
Ўзбекистонда 4 декабрь куни айрим ҳудудларда қор ёғади
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Янгиликлар23:37 | 3.12.22
Беларусь Ўзбекистон учун гўшт нархини оширди
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Янгиликлар22:52 | 3.12.22
Қамчиқ довонида ҳаво ҳарорати транспорт ҳаракати учун ёмонлашиши маълум қилинди
Самарқанддаги қайси кўчаларда ҳаракат тезлиги чекланиши маълум қилинди
Янгиликлар21:53 | 3.12.22
Самарқанддаги қайси кўчаларда ҳаракат тезлиги чекланиши маълум қилинди