Самарқанд ва Жиззахда қарийб 3 млрд сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилингани аниқланди
Хусусан, Жиззахда собиқ банк бошқарувчиси жияни номидаги МЧЖга 1,5 млрд сўм кредит ажратган
«Қишлоқ қурилиш банк»нинг Жиззах минтақавий филиали собиқ бошқарувчиси катта миқдордаги кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Аниқланишича, собиқ бошқарувчи У.Ю. «З.Б.» МЧЖга жияни О.ни раҳбар сифатида тайинлаб, юк автотранспорт воситаларини харид қилиш учун 1,5 миллиард сўм кредит ажратилишига эришган. Кейинчалик у 1,3 миллиард сўмлик транспорт воситаларини бошқа шахсларга сотиб юбориб, кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Н.М.» хусусий корхонаси раҳбари Н.М. ва бошқалар ҳудудий тижорат банки филиалидан эшик, дераза ва мебель ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш мақсадида 640 миллион сўм кредит ажратилишига эришган.
Департаментнинг Нуробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Т.Ч.» МЧЖ раҳбари И.Қ. ҳудудий тижорат банки филиалидан МЧЖга ҳамда оила аъзоларига чорва молларини сотиб олиш мақсадида ажратилган 410 миллион сўм кредит маблағини мақсадсиз ишлатиш орқали талон-торож қилгани аниқланган.
Шунингдек, департаментнинг Тойлоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда ЯТТ Ш.Д., «О-А.» фермер хўжалиги раҳбари О.У. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, шу туманида яшовчи 10 нафар фуқаро номига картошка уруғи олиш учун жами 237 миллион сўм имтиёзли кредит расмийлаштиришга эришгани аниқланган. Улар ушбу кредит маблағларини ўз эҳтиёжига ишлатиб юборилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ «Бухоро нефть база» мансабдорлари 8,5 миллиард сўмни талон-торож қилгани, Андижонда банк ходимлари 111 миллионн сўмни талон-торож қилгани аниқлангани, Тошкент вилоятида 2 миллиард сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани, Қашқадарёда 1,1 миллиард сўмлик сув қувурлари ўзлаштирилгани тўғрисида хабар берилганди.