«Брусчатка дарахтлар илдизига жудаям фойда келтиради» — Абдурашид Содиқов
Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи дарахтлар остини бетонлаш ёки брусчатка бостириш каби ҳолатларга муносабат билдирди
Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов дарахтлар остини бетонлаш ёки брусчатка бостириш каби ҳолатлар кўпагани бўйича берилган саволга жавоб берди. Бу ҳақда у АОКАда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

«Брусчатка — бу ‘нафас оладиган’ тош. Ораси очиқ, сув шимади. Дарахтларнинг илдиз тизимига жудаям фойда келтиради. Хизмат сафари билан Жанубий Кореяга бориб келдик. Ундан ташқари Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаям бу кенг жорий қилинган. Эътибор берсангиз, брусчаткани орасидан майса ўсиб чиқади. Бунинг ҳеч қандай дарахтга зарарли жойи йўқ», — деган Абдурашид Содиқов.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Лондондаги дарахтларнинг 90 фоизини чинорлар ташкил қилади. Шаҳардаги чинорларнинг ост қисми 100 фоиз асфальт қилинган.
«Бундан кўриниб турибдики, биз дарахтларнинг тагини бетонладик деймиз. Тўғри бошқа турдаги дарахтлар тагини бетонлаш нотўғридир, лекин чинорни… Биз бошқа давлатларда шуни кўриб келдик. Мен бу билан чинорларни тагини бетонлаш мумкин демоқчимасман, аммо чинорнинг нафас олиши ернинг тагидан бўлади», — дея қўшимча қилди Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи.
Аввалроқ Тошкент вилоятида дарахтлар таги бетонлаб ташлангани аниқлангани, Бухородаги далада дарахтлар қўпориб ташланаётганига муносабат билдирилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда кесилган 58 туп дарахт иши бўйича 3 киши ушланган.