Бугун оқшоми. Ғолибларни тақдирлаган Мирзиёев, Самарқанддан топилган қадимий истеҳком, Украинага берилган ракета зарбалари

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Самарқанддан милоддан аввалги III-II асрларга тегишли ҳарбий истеҳком топилди

Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани ҳудудидаги «Қўй тепа» тепалигидан милоддан аввалги III-II асрларга оид қадимий ҳарбий истеҳком топилди. Таъкидланишича, ҳудудда италиялик ва самарқандлик археолог олимлар ишламоқда. Объектдан мудофаа девори қолдиқлари, коса, катта кўза, ҳайкалча, муҳр каби ноёб топилмалар топилган. Туман ҳокими Шунқор Худойбердиев объектга ташриф буюрган ва олимлар билан суҳбатлашиб, барча зарурий кўмакни беришга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, ҳоким тарихий объектни қор-ёмғирдан ҳимоя қилиш учун уни панжара билан ўраш ва устини буткул беркитишни ўз зиммасига олган.

Фото: «Янги Ўзбекистон»

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги баҳсли ҳудудлар қандай тақсимланиши маълум қилинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев мамлакат парламентида ўтган йиғилишда Ўзбекистон билан чегара делимитацияси доирасидаги ер алмашинуви ҳақида маълумот берди. Унга кўра, келишув бўйича Ўзбекистон 4485 гектар, Қирғизистон эса 19699 гектар ер олади.

Фото: «Sputnik.kg»

Ташиев Кампир-Обод сув омбори яқинидаги 4485 гектар ер Ўзбекистонга ўтганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, сув омборида сувнинг горизонталь сиғими ҳажми 908 метрдан 900 метрга туширилгач, 1246 гектар ер бўшаган ва бу ерлар Қирғизистонга ўтган.

Шунингдек, Ташиев сув омборидан 70 йил давомида фақат Ўзбекистон томони фойдаланиб келгани, эндиликда эса келишувга кўра, Қирғизистон фуқаролари ҳам сув омбори сувидан фойдалана олишини айтиб ўтган.

«Биз ғалаба қозондик дея олмайман, аммо бир қарич жойимизни ҳам бермадик. Баъзилар ёмон ерларни олдик деяпти, ундай эмас, жуда яхши, ҳосилдор ерларни олдик. У ерларда ҳатто олтин ҳам бор, Ўзбекистон ўз вақтида олтита лицензия берган, шунга қарамай бу ерларни олишга муваффақ бўлдик», — деган Қамчибек Ташиев.

Тошкент кичик ҳалқа автомобиль йўлида тезлик 60 км/соатгача чекланди

Тошкентдаги Кичик ҳалқа автомобиль йўлида жойлашган барча кўчаларда 10 октябрдан ҳаракатланиш тезлиги 60 километр/соатгача чекланди. Ундан ташқари, шаҳарнинг Алишер Навоий, Махтумқули, Амир Темур, Ислом Каримов, Тарас Шевченко, Бобур ва Фурқат кўчаларининг бир қисми ва Амир Темур хиёбони айланма йўлида тезлик 50 километр/соатгача чекланган. Тезликнинг чекланиши йўл-транспорт ҳодисалари сони қисқаришига олиб келса, келгусида бу тартиб шаҳарнинг бошқа кўчаларида ҳам жорий қилиниши белгиланган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Вазифалар ижросида камчиликларга йўл қўйган мингдан ортиқ масъуллар жавобгарликка тортилгани маълум қилинди

Ўзбекистонда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари ижросида камчиликларга йўл қўйгани учун мингдан ортиқ масъуллар жавобгарликка тортилиб, уч мингдан ортиғи огоҳлантирилгани маълум бўлди. Жазоланганлар орасида Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилояти ҳокимларининг ҳамда 107 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари, шунингдек, Маданий мерос агентлиги директори, Маданият, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмат маркази ҳамда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти раҳбарларининг соҳага масъул ўринбосарлари ҳам борлиги маълум қилинган.

Фото: YouTube

Давлат Бобонов дзюдо бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритди

Тошкентда ўтаётган дзюдо бўйича жаҳон чемпионатида 90 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистон вакили Давлат Бобонов барча рақибларини енгиб, мусобақада тенгсиз бўлди. Финалда унга ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони, италиялик Кристиан Парлати рақиблик қилди. Бобоновнинг рақибига уч марта кетма-кет огоҳлантириш ёзилганидан сўнг ғалаба ўзбек спортчиси номига ёзилган.

Эътиборлиси, финал баҳсини Президент Шавкат Мирзиёев бевосита аренанинг ўзидан кузатиб борди ва ғолибларни шахсан ўзи тақдирлади.

Дунёда нима гап?

Украинанинг бир нечта ҳудудларига ракета зарбалари берилди

Бугун, 10 октябрь куни соат 08:15 лар атрофида Украинанинг бир нечта шаҳарларига ракета зарбалари уюштирилди. Хусусан, Киевнинг Шевченко туманида портлаш амалга оширилган. Украина расмийларига кўра, ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлиб, яна 24 нафар тинч аҳоли яраланган. Киев метросида эса поездлар ҳаракати тўхтатилиб, одамлар учун бошпана яратилган.

Украина президенти Владимир Зеленский халқига мурожаат қилиб, мамлакатнинг бир неча ҳудудларига берилган ракета зарбаларининг биринчи нишони энергообектлар бўлгани, ундан сўнг инсонлар ва уларнинг яшаш ҳудудларига зарба берилганини маълум қилган. Шунингдек, президент халқидан пана жойларда қолишини сўраган.

Бутун дунё оммавий ахборот воситаларида эса бугунги портлашлар икки кун аввал Керч бўғози устидаги кўприк портлатилишига жавоб сифатида талқин қилинмоқда. Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Дмитрий Медведев ҳам Қрим кўприги портлатилиши Украинанинг буюртмаси билан амалга оширилганини таъкидлаб, бунга фақат «террорчиларни йўқ қилиш» орқали жавоб қайтариш кераклигини айтди.

Беларусь президенти Лукашенко бу воқеалар фонида мамлакат хавфсизлик кучлари билан учрашув ўтказиб, россиялик мингдан ортиқ ҳарбийларни қабул қилиш ва жойлаштиришга кўрсатма берди. Беларусь ва Россия раҳбарларининг келишувига кўра, ҳудудларда қўшма минтақавий қўшинлар гуруҳи жойлаштирилиши белгиланди.

Бугуннинг асосий воқеликлари шулардан иборат эди.

Бугунда қолинг. «Бугун» билан яшанг.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми 33,4 млрд долларга етди
Янгиликлар17:14 | 8.12.22
Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми 33,4 млрд долларга етди
Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
Янгиликлар16:44 | 8.12.22
Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари қўшимча тўлов эвазига тезлаштирилган тартибда кўрсатилади
МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Москвада учрашади
Янгиликлар16:25 | 8.12.22
МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Москвада учрашади
Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Янгиликлар16:06 | 8.12.22
Хоразмда тўққиз киши ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Уларнинг икки нафари вафот этган
Россия АҚШ Сенати қўмитасининг Украинадаги геноцид борасидаги резолюциясига муносабат билдирди
Янгиликлар15:53 | 8.12.22
Россия АҚШ Сенати қўмитасининг Украинадаги геноцид борасидаги резолюциясига муносабат билдирди
Песков Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ берди
Янгиликлар15:31 | 8.12.22
Песков Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ берди