Кремлнинг ОАВлар учун «қўлланмалари» қандай ишлайди?

Meduza Кремль томонидан ОАВ учун охирги ярим йилда ёзилган баёнот ва хабарларни ўрганиб чиқиб, Россия пропагандаси қандай тузилгани ҳақида маълумот берди.

Фото: «ТАСС»

Нашрнинг ёзишича, Россия президенти администрацияси ўз назоратида бўлган ОАВларга уруш ва унга боғлиқ воқеаларни қандай ёритиш кераклиги бўйича махсус қўлланмаларни тузиб келади. Бундай «тавсиялар» пропагандачиларга деярли ҳар куни келиб тушади. Унда янгиликларни қандай ёритиш, томошабин, ўқувчи ёки тингловчида қандай ҳиссиётларни юзага келтириш аниқ қайд этилган.

Октябрь бошида Meduza Кремль томонидан 2022 йилнинг апрелидан октябрига қадар тузилган шу каби 10 та ҳужжат билан танишиб чиққан. Матнларнинг ҳақиқийлигини Президент администрациясига яқин бўлган манба, шунингдек, фаолияти давомида қўлланмалар билан танишган давлат ОАВлари ходими тасдиқлаган.

Ҳар бир қўлланма аниқ структурага эга. Барча матнларда пропаганда россияликларга ёритиши керак бўлган «Асосий воқеа» келтирилган. Масалан, октябрь бошида тузилган қўлланмада Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровлар натижалари келтирилган. Унда респондентларнинг 75 фоизи Украина ҳудудлари аннексиясига «ижобий» ёндашгани қайд этилган. Бундан ташқари, сўров иштирокчиларининг 83 фоизи Россия «бошқа давлатлар билан муносабатларини ёмонлаштириб бўлса-да, аҳолисининг манфаатларини ҳимоя қилиши керак», деган фикрни қўллаб-қувватлаган.

«Россия фуқаролари ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятлари аҳолисининг танлови тўғри ҳамда қонуний эканига ишонади», — пропагандачиларга шу каби хулосани тарғиб қилиш тавсия этилган.

Шунингдек, Кремль қўлланмаларида россияликларга етказиш керак бўлган асосий тарғибот «чизиқлари» келтириб ўтилган. Масалан, 4 октябрдаги ҳужжатда шундай «чизиқлар» белгиланган: «Россиянинг кучайши», «СВО (махсус операция). Ғалаба қиёфаси» ва «Янги дунё тартиби».

«Россиянинг кучайиши» ҳақидаги «чизиқда» мамлакат «расман тўртта вилоятга кўпайган». Ўша ерда пропагандачилар сафарбарликни қандай ёритиши ҳам келтирилган: «сафарбарликка жалб этилганларнинг аксарияти Ватан ҳимоясидаги вазифаси ва мақсадларини тушуниши»ни россияликларга етказиш керак. Россияда сафарбарлик жараёни қуйидагича кўринишга эга:

«Кучли дўстона жамоалар шакллантирилмоқда, эркаклар бир-бирига ёрдам беришга тайёр, ҳарбий маҳоратни осонгина эслаб қолиб, янги нарсаларни ўрганишмоқда. Ватан олдида бурчини бажариш истагида бўлганлар қийинчиликларга дуч келмаслиги учун янгидан-янги самарали механизмлар ишлаб чиқиляпти. Рўйхатга олиш бошланганидан кейин Давлат хизматлаир порталига кўнгиллилардан 70 мингдан ортиқ ариза келиб тушди. Айрим вилоятларда қисман сафарбарлик режаси бажариб бўлинган — бундан кўнгиллиларнинг иштироки ҳам аҳамиятли».

«СВО. Ғалаба қиёфаси» боби фронтдаги вазиятга бағишланган. Россия қўшинлари охирги ҳафтада мунтазам чекинаётганига ва олдинроқ эгалланган ҳудудларни қўлдан бой бераётганига қарамай, Кремль қўлланмаси уларнинг «ғалабалари» ҳақида ёзишни тавсия қилмоқда — масалан, «Россия армияси Украинанинг қанча зирҳли техникаларини яксон қилгани» ҳақида.

Шу билан бирга, пропагандачиларга Украина Қуролли Кучлари томонидан кўрсатилаётган барча қаршиликлар «Украинанинг ўзини ўзи яксон қилишига» элтишини кўрсатиш «тавсия қилинган».

«Янги дунё тартиби» бўлимида ОАВ аудиторияга оддий ғояни етказишга мажбурлиги ҳақида сўз боради: собиқ СССР давлатлари «Украина тақдиридан хулоса чиқариши» ва Россия билан муносабатларини бузмаслиги керак. Бунинг акси содир бўлса, Молдова ва унинг раҳбари Майя Санду мисол қилиб келтирилган (мамлакат ҳукумати Россия босқинини бер неча бор қоралаган, шунингдек, чегарада текширувлар кучайтирилишини билдирган; россияликлар охириги ҳафталарда уларнинг мамлакатга кириши тақиқлангани ҳақида ёзмоқда).

Шунингдек, Россия курашаётган «янги дунё тартиби» тезисида Ҳиндистонга рус нефтини етказиб бериш 2022 йилнинг сентябрида августга нисбатан 18 фоизга ошгани ҳақидаги маълумотларни қўшиб кетиш тавсия қилинган. Ушбу маълумотлар «адолатли ва тенг ҳуқуқли дунё тартибидан манфаатдор давлатлар билан ҳамкорлик» ривожланишининг намунасига айланиши керак.

Аниқ пропаганда «чизиқлари»дан ташқари, қўлланмаларда Кремль фикрича, янгиликлар россияликларда пайдо қиладиган «ҳиссиёт, ҳолат ва руҳий кечинмалар» ҳам таърифланган. Ҳужжатларда ушбу банд «ҳиссиёт асоси» деб номланган. Масалан, Украина ҳудудларининг аннексияси Россия фуқароларида «бирдамлик» ҳиссини уйғотиши лозим. Қўлланма муаллифларига кўра, Қрим кўпригининг портлатилиши «бирдамлик»ни юзага келтирган. Шу билан бирга, ушбу бандда олдин «ишонч» ва «ғурур» ҳиссойитлари тез-тез тилга олинган, октябрь бошида Украина кучларининг қарши ҳужумлари муваффақиятга эриша бошлагач, улар «умид»га алмаштирилган.

Нашрнинг Кремлга яқин манбасининг сўзларига кўра, ушбу матнларни Телебрам-каналлар, блогерлар ва кўплаб ОАВларни назорат қилувчи Президент администратстияси Жамоатчилик лойиҳалари бошқармаси ёзади. Ҳозирда қўлланмаларнинг тузишга бевосита бошқарма бошлиғи ўринбосари Алексай Жарич масъул — у 2010 йиллар бошида «уралвагонзавод» директори ўринбосари лавозимида ишлаган.

«Айнан шу сабабли бутун пропаганда — ‘Уралвагонзавод’га ўхшаб кетади», — дейди Крелмдан қўлланмаларни олган манбаси.

Унинг қўшимча қилишича, уруш бошидан бери Президент администрацияси ходимлари Россиянинг Украинага бостириб киришидаги ахборотлар борасида янги нарса ўйлаб топа олмаган ва мамлакатдаги бошқа сиёсий воқеаларни ёритишда тўпланган таржибадан фойдаланмоқда. Хусусан, давлат ОАВлари учун қўлланмалар тарқатиш усулини давом эттирмоқда.

«Уруш пайти Кремлдаги бу йигитларга ростдан ҳам қийин. Биз Украина медиасига қарши тура олмаймиз. Рус аскарларининг жасадларини ижобий талқин қилиш қийин», — дейди манба.

Нашр билан суҳбатлашган бошқа ходимлар ҳам ушбу қўлланмаларнинг самарадорлигига шубҳа билдирган. Масалан, Президент администациясида ишлаган сиёсий консультантлардан бирининг айтишича, қўлланмалардаги бундай тезизлар муқобил ахборот манбаларига қизиқмайдиган фақат «содиқ аудитория»ни ишонтира олади.

«Кремлдан кўрсатма оладиган бундай журналистлар қўлланмасиз бирор нарса ёза олмайди, ёзса ҳам бемаънилик ҳосил бўлади… Бундан ташқари, чоп этилгандан кейинги оқибатларини ҳам кутиш керак. Интернетда ҳам содиқлар аудиторияси бор, содиқ бўлмаганларга эса бундан ишонтириш усуллари билан ҳеч нарсани исботлаб бера олмайсан», — дейди у.

«Ягона Россия» раҳбариятига яқин бўлган Meduza манбасининг ҳисоблашича, тузилган қўлланмалар — бу «омманинг кайфиятини бошқариш усули эмас, балки амалдаги фаолият»:

«Медиа, ОАВ ва блогерлар — бу ҳар куни ишлайдиган, кўп миллионли бюджет билан мойланиб турадиган улкан механизм. Механизм мавжуд бўлгани учун ишлаши ва маҳсулот ишлаб чиқариши керак, чунки у механизм иштирокчиларига даромад келтиради. Унинг тўхтаб қолиши ёки узоқ вақт ишламаслиги харажатлари жуда юқори».

Аввалроқ Павел Дуровдан Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларига урушда қатнашмаслик ҳақида хабарлар жўнатиш сўралгани тўғрисида хабар берилганди.

Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Янгиликлар13:57 | 26.11.22
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Янгиликлар13:21 | 26.11.22
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
Янгиликлар12:49 | 26.11.22
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Янгиликлар12:26 | 26.11.22
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди
Янгиликлар12:13 | 26.11.22
Путин «махсус операция»да ҳалок бўлган аскарларни Россияда алкоголизм ва ЙТҲдан ўлаётганлар билан солиштирди
Тошкентдан Москва, Истанбул, Дубай ва бошқа йўналишларга учувчи қатор рейслар кечиктирилди
Янгиликлар11:46 | 26.11.22
Тошкентдан Москва, Истанбул, Дубай ва бошқа йўналишларга учувчи қатор рейслар кечиктирилди