Ўзбекистонда мурожаатлар билан ишловчи ходимларнинг малакаси оширилади
Ҳукумат қарори билан «Давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги» низом тасдиқланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга кўра, мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларнинг малакасини ошириш ва ўқитишнинг асосий вазифаларидан бири, мурожаатлар билан ишлаш соҳасидаги вазиятни тизимли назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш кўникмаларини ўргатиш ҳисобланади.
Мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлар малакасини ошириш ҳар 3 йилда камида бир марта амалга оширилади. Ходимлар малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар уларни малака оширишга юборган ташкилотнинг ҳисобидан қопланади.
Малака ошириш курсида ўқитиш вақти 12 соатни ташкил этади. Малака ошириш қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
- таълим муассасаси ва унинг филиалларида ўқитиш;
- ходимларнинг иш жойида ўқитиш;
- масофавий таълим орқали ўқитиш.
Малака ошириш курслари ўқув дастурига мувофиқ белгиланган мавзулар (модуллар) бўйича синов имтиҳонини топшириш билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, Президентининг тадбиркорлар билан мулоқотига тайёргарликнинг бориши бўйича 3 август куни йиғилиши ўтказилганди. Тадбиркорлардан савол ва таклифларни йиғиш бўйича республика штаби ҳамда «колл-марказ» ташкил этилган. Унга бугунги кунгача 7 минг 200 дан ортиқ таклиф ва мурожаатлар келиб тушган. Кейинроқ Президент тергов органларининг кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича режалар тақдимоти билан танишган эди.
