Тошкентдаги Халқ қабулхоналарида оммавий қабул ташкил этилди

Тошкентдаги Халқ қабулхоналарида соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя йўналишлари бўйича оммавий қабул ташкил этилди.

Қайд этилишича, мутасадди вазирлик ва идоралар, йигирмага яқин тиббиёт, даволаш-реабилитация марказлари, тиббиёт бирлашмалари билан аҳоли ўртасида кечган очиқ мулоқотлар натижасида фуқароларни ўйлантириб келаётган кўплаб масалаларга ечим топилган.

Қибрайлик Раҳимберган Машарипов 2-гуруҳ ногирони, катаракта касаллиги билан хасталанган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан суҳбат асносида масала атрофлича кўриб чиқилиб, отахонда бепул йўлланма асосида Республика кўз касалликлар микрохирургияси шифохонасида жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.

Яшнободлик Дилбар Бегматова фарзандларини ёлғиз ўзи катта қилмоқда. Устига-устак, 4 ёшли ўғлига туғма миопатия ташхиси қўйилган, жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарур. Ташкил этилган жонли мулоқот уни қийнаб келаётган масала ечимида яхши имконият бўлди. Мурожаати синчиклаб ўрганилгач, унинг ўғлида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиши, дори-дармонлари учун ҳомийлик ҳисобидан қўшимча 8 миллион сўм ажратилиши белгилаб олинди.

Яна бир Яшнобод туманида яшовчи Гулноза Жалолова бир ўзи 3 нафар фарзандни вояга етказмоқда. Соғлиғи йўл қўймагани туфайли ҳозир ишсиз бўлиб, рўзғор тебратишда қийналиб қолган. Шу боис Тошкент педиатрия тиббиёт институтида таҳсил олаётган қизи учун нафақа ажратишда ёрдам сўраб, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюжетдан ташқари Пенсия жамғармаси масъулларига мурожаат қилди. Гулноза Жалолованинг мазкур мурожаати амалдаги қонунчилик талабларига тўла мос келганлиги сабабли мутасаддилар тез кунларда уни ҳал қилиб берадиган бўлди.

Ногиронлик аравачасига муҳтож Шаҳрибону Ҳайитовага масъуллар билан мулоқот якуни бўйича замонавий электр юритмали аравача топширилди. Умуман, оммавий қабул жараёнида тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан 10 дан ортиқ эҳтиёжманд фуқароларга ана шундай аравачалар топширилди.

Эътиборли жиҳати, оммавий қабул жараёнида аён бўлган маълумотлар асосида республика тиббиёт марказларининг юқори малакали мутахассислари бевосита хонадонларга бориб, беморларни чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказди.

Юнусобод туманининг «Зарбулоқ» маҳалласида яшовчи Махсума ва Абдураҳмон Тўлагановлар эътибордан мамнун. Онахон бундан аввал тўртинчи даражали бўкса артрози ташхиси билан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказиш орқали бепул даволанган бўлса, унинг турмуш ўртоғи кўп йиллар қандли диабет билан оғриган. Онахон шифокорлар эътибори, малакали тиббий муолажалар туфайли қисқа вақтда оёққа туриб, ўзи ҳаракатланаётгани ҳақида айтади. Бу галги кўздан кечирув якунида отахонга ногиронлик белгиланиши ҳамда тез орада оёққа протез ўрнатилиши айтилди.

Сирожиддин Мирзаев Юнусобод туманидаги Халқ қабулхонасига мурожаатидан кейин отахонда кўз касаллигини даволаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди, қўшимча муолажалар олиб борилмоқда. Бу гал шифокорлар тузалиш жараёни қандай кетаётганини текшириб, керакли маслаҳат ва йўл-йўриқларни берди.

Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Умид Эшимов 18 ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли ногиронлик аравасига михланиб қолади. Мана шундан бери 30 йилдан ошиқ вақт ўтибдики, шифокорлар назоратида. Қабул доирасида унинг хонадонида ҳам бўлиб,  Умид Эшимов назоратдан ўтказиб, унга реабилитация марказида даволаниши учун йўлланма ва замонавий аравача ажратиладиган бўлди.

Пойтахтнинг «Турон» маҳалласида яшовчи Олломурод Исақулов ва Насиба Исақуловалар қандли диабет билан оғриб келади. Тиббиёт ходимлари уларнинг хонадонида ҳам бўлиб, кўрикдан ўтказди. Эндокринология марказида даволанишларини айтди.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчи курслар талабалари дарсдан бўш вақтида ишлаши учун кенг имконият яратиб берилгани кўпчиликка яхши маълум. Шундан келиб чиқиб, оммавий қабул жараёнида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тошкент шаҳридаги туман тиббиёт бирлашмалари 470  та бўш иш ўрнини таклиф этди. Ярмаркада 48 нафар фуқаро ишга қабул қилинди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти магистратурасининг 3-курсида таълим олаётган Сурайё Меҳмонова ўқиш билан бирга ишлаш истаги борлигини ҳам маълум қилиб, маъсулларга мурожаат қилди. Мурожаати кўриб чиқилиб, Мирзо Улуғбек тумани тиббиёт бирлашмасига ишга жойлаштириш учун меҳнат шартномаси тузилди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти келгуси йилда тамомлайдиган 223 нафар бакалавриат, 29 нафар магистратура талабаси, 44 нафар ординатура талабаси билан тўрт тамонлама шартномалар расмийлаштирилди. Шуни ҳисобидан Тошкент шаҳридаги муассасаларда мавжуд бўлган 344 та вакант ўрин тўлдирилиши режа қилиб олинди.

Оммавий мулоқотлар давомида аҳоли учун сайёр тиббий кўриклар ҳам ташкил этилиб, мутахассислар томонидан беш юзга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари ходимлари ҳам ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб, зарур тиббий текширувлар ўтказилишини ташкил қилди.

Умуман олганда, оммавий қабулда 328 нафар фуқародан соғлиқни сақлаш, пенсия, бандлик  каби масалалар бўйича 331 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 157 таси жойида ҳал этилган бўлса, 41 таси бўйича ҳуқуқий ахборот ва маслаҳат, 17 таси бўйича тушунтириш берилди, 116 та мурожаатни ўрганиш учун қўшимча вақт талаб этилгани сабабли назоратга олинди.

Толибон Қатардаги стадионлар қурилиши учун ускуналар етказиб бергани маълум бўлди
Янгиликлар14:43 | 26.11.22
Толибон Қатардаги стадионлар қурилиши учун ускуналар етказиб бергани маълум бўлди
Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Янгиликлар14:14 | 26.11.22
Андижонда ўнга яқин автомобиль иштирокида ЙТҲ содир бўлди — видео
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Янгиликлар13:57 | 26.11.22
Ўзбекистонда 10 ойда қанча никоҳ қайд этилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Янгиликлар13:21 | 26.11.22
Ўзбекистонда сабзи нархи кескин арзонлашди
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
Янгиликлар12:49 | 26.11.22
Ўзбекистон тоғларидаги 1 тн тупроқда қанча олтин борлиги маълум қилинди
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео
Янгиликлар12:26 | 26.11.22
ДХХ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйди — видео