Қамчиқда иккита Isuzu билан тўқнашган Volvo ағдарилиб кетди
Қамчиқ довонида Volvo юк машинаси ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар беради Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 11 октябрь куни соат 05:45 да А-373 Тошкент—Ўш халқаро автомобиль йўлининг 222,5 километрида Водий—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Volvo русумли юк машинаси ҳайдовчиси кутилмаганда бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Оқибатда у 5 ва 8 тонналик Isuzu юк машиналари билан тўқнашув содир этган. Йўл-транспорт ҳодиссаси оқибатида 8 тонналик Isuzu’да ёнғин чиққан.

Воқеа жойига ФВВининг «Қамчиқ» Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари ва ЙПХ ходимлари етиб борган. Қутқарувчилар махсус асбоб-анжомлар ва техникалар ёрдамида ёнаётган машинани соат 06:07 да ўчирган. Шунингдек, ҳодиса оқибатларини бартараф этишга Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар куч-воситалари ҳам жалб этилган.
Қутқарувчилар томонидан воқеа жойида жабрланган уч нафар юк машиналари ҳайдовчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага юборилган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ.
Аввалроқ Қамчиқ довонида юк автомобили ёниб кетгани, Қамчиқда бир нечта машиналар иштирокидаги йирик ЙТҲда 3 киши ҳалок бўлгани, Қамчиқда Nexia тўхтаб турган Isuzu’га урилгани тўғрисида хабар берилганди.