Сурхондарёда Malibu люкидан танасини чиқариб, ўйнаган «раққосалар» қамалди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида Malibu люкидан танасини чиқариб, рақсга тушганларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. Бу ҳақда MY5 канали «Ҳудуд» дастурида маълум қилинди.

Қайд этилишича, ярим тунда Malibu машинасининг люкидан танасини чиқариб, кўчада ҳаракатланганлар йўл бўйида ўрнатилган камералар тасвирига тушиб қолган.
Тезкор тартибда олиб борилган текширув ишлари жараёнида қўпол равишда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг шахсига аниқлик киритилиб, шаҳар ички ишлар бўлими тергов бўлимига олиб келинган.
Шунингдек, 23 ёшли аёл 4 нафар фарзандини уйида қолдириб, ўзи бу каби ишларни содир этиб юрганидан афсусдалигини айтган. Унинг 21 ёшли шериги муқаддам ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун 8 ой муддатга Шеробод тумани 41-манзилли колониясида жазо ўтагани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (майда безорилик) асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланган.
Аввалроқ Қамаши тумани ҳокимининг хизмат машинаси жарима майдонига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Қашқадарёда машина ойнасидан оёқларини чиқариб ҳаракатланган маст аёл жаримага тортилгани хабар қилинганди.
