«Ўзбекистон автомобиль бозорида нархларни монополистнинг хатти-ҳаракатлари белгилайди» — Отабек Бакиров
Иқтисодчи Россиядаги вазиятнинг Ўзбекистон автомобиль бозорига таъсири ҳақида маълумот берди
Иқтисодчи Отабек Бакиров «Kommers.uz»га берган интервьюсида Россиядаги вазиятнинг Ўзбекистон автомобиль бозорига таъсири ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, Россия асосий автомобиль ишлаб чиқарувчи сифатида ички бозорда ҳам, глобал бозорда ҳам ўз ўрнини йўқотган. Жуда кўп автомобиль ишлаб чиқарувчи брендлар Россия бозорини нафақат ишлаб чиқарувчи сифатида, балки етказиб берувчи сифатида ҳам тарк этган.
«Булар орасида Япония, Жанубий Корея ва Европа компаниялари бор. Россияда қолган бўлса ҳозир фақат Хитой ишлаб чиқарувчилари мавжуд, импорт қилинаётган автомобилларнинг ҳам асосий қисми Хитой компаниялари ҳисобланади. Ҳатто Ўзбекистоннинг монополь компанияси UzAuto Motors ҳам Россияга машина экспорт қилишни санкциялар хавфи туфайли тўхтатиб турибди», — дея таъкидлайди иқтисодчи.
Бакировнинг айтишича, Россия автомобиль бозори ўтган 7-9 ой ичида бир нечта сифат ўзгаришларини бошдан кечирган. Биринчиси, ҳаддан ташқари дефицит юз берган ва бу шароитда автомобиль нархлари 2-3 баробарга кўтарилган. Иккинчи босқичда — Россия автомобиль бозорида иккиламчи бозодаги машиналар нархларининг кескин ошиши содир бўлган. Учинчи — ҳозирги босқичда эса аҳоли даромадларининг кескин пасайиши ва машинага талабнинг борган сари емирилиб бориш шароитида нархлар ўсиши тўхтаган.
«Иккиламчи бозор ҳам янги автомобиллар бозорида барқарорлашиш юз берди, яъни талаб ва таклиф шунга кўникди. Ўзбекистон автомобиль бозорида эса талаб ва таклифнинг эркин ҳаракати мавжуд эмас. Талабнинг ўсиши янги таклифни яратмайди. Шунинг учун Ўзбекистон автомобиль бозорида нархларни монополистнинг хатти-ҳаракатлари белгилайди. Монополист ишлаб чиқаришни оширмаса, монополист бозорга кириш бўйича тўсиқларни ҳукумат билан бирга келишган ҳолда кучайтиришни давом этадиган бўлса, нархлар, албатта, ошишни давом этаверади.
Биз ёпиқ автомобиль бозорига эга эканмиз, эркин рақобат муҳити мавжуд эмас экан, бу ердаги ҳароратни асосий ишлаб чиқарувчи, яъни монополист белгилаб бораверади. Ташқи ўзгаришлар, ичкарида даромадларнинг ўзгариши ёки пасайиши бунга таъсир кўрсатади, лекин бу таъсир минимал даражада бўлади. Асосий сўзни монополистнинг хатти-ҳаракати ёки монополист билан бирга келишилган ҳаракатни амалга оширадиган ҳукуматнинг қарори белгилаб беради», — дейди Бакиров.
Аввалроқ Ўзбекистон 2022 йил январь—август ойларида қанча автомобиль импорт қилгани маълум қилинганди.