Ўзбекистонда кимёвий технологик илмий-ишлаб чиқариш кластерлари ташкил этилади
Президентнинг бу бўйича қарори қабул қилинди
Президентнинг «Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида маълум қилинди.
Қарор билан маҳаллий минерал хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш орқали янги турдаги кимё ва газ-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соҳага маҳаллий ва хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш мақсад қилинди.
Шунингдек, кимёвий технологик илмий-ишлаб чиқариш кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қуйидаги технологик кластерлар ташкил этилади:
- «Навоий кимё технопарки»;
- «Фарғона кимё технопарки»;
- «Қорақалпоғистон кимё технопарки”.
Халқаро молия корпорацияси билан хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда 2023 йил 1 апрелга қадар «Навоийазот» АЖда техник комплекс ўрганиш ишлари ўтказилади ҳамда 2023 йил 1 августга қадар бирламчи бозор ҳолатини ўрганиш якунланади.
«Навоийазот» АЖда 2023 йил 1 сентябрга қадар ўтказилган техник комплекс ўрганиш ва бирламчи бозор ҳолатини ўрганиш натижалари асосида жамиятни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда тиббиёт кластерлари ташкил этилади
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан 2023 йил 30 июнга қадар мазкур қарор билан тоифаси ўзгартирилаётган суғориладиган ер участкалари майдонига тенг миқдорда янги ерлар ўзлаштирилиши таъминланади.