19:29 | 12.10.22 304

Ўзбекистондаги 28 та ОТМ топ-1000 таликка кириш учун даъвогар бўлди

Бу рейтингда университетларнинг 4 та йўналишдаги самарадорлик кўрсаткичлари баҳоланди

Ўзбекистондаги 28 та олий таълим муассасаси World University Rankings – 2023 халқаро рейтингида «reporter» мақомига эга бўлди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг ташкилоти – Times Higher Education агентлиги ўзининг World University Rankings – 2023 рейтинг натижаларини эълон қилган. Унга кўра, республикадаги яна 18 та олий таълим муассасаси «reporter» мақомида қайд этилиши билан топ-1 000 талик рейтингдан жой олиш учун давогар университетлар 2021 йилги 10 тадан 28 тага етган.

Бу рейтингда университетларнинг 4 та йўналишдаги самарадорлик кўрсаткичлари баҳоланди: ўқитиш, тадқиқот, таълим сифати ва халқаро истиқболлар.

Шунингдек, мазкур 28 та олий таълим муассасаси ТHE’нинг нуфузли рейтингларига кириш учун номзод сифатида танланиб, бунда рейтинг агентлиги уларга яқиндан ёрдам бериши маълум қилинган.

2022 йилда рейтингда 1 799 та университет қайд этилиб, 526 та университет «reporter», яъни даъвогар университетлар номинациясига эга бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларнинг миллий рейтинги эълон қилинганди. Шунингдек, 2021 йил октябрь ойида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ОТМларнинг миллий рейтингини эълон қилганди. 2020 ва 2021 йилги рейтинг солиштирилганда, ЎзМУ етакчиликни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига бой берган.